Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси органларининг жорий йил ўн ойидаги фаолияти бўйича ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилишича, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида 10,3 триллион сўмлик 1 миллион 244 мингдан ортиқ ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган. Натижада 6,9 триллион сўмлик 641 минг ҳужжатнинг ижроси таъминланган. Жумладан, 413 минг 243 та иш бўйича 2,4 триллион сўмга яқин қарздорлик ундирилган.
– Давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ 4,5 триллион сўмликдан ортиқ 987 мингта ижро ҳужжати бўйича амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари натижасида 496 мингга яқин (3,3 триллион сўмлик) ижро ҳужжатлари юзасидан якуний қарорлар қабул қилиниб, шундан 320 мингтаси бўйича 919,6 миллиард сўм маблағлар ундирилди, – дейди Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Суръат Жабборов. – Солиқ қарздорлигини ундириш билан боғлиқ 174 минг 828 та (1,8 триллион сўмлик) ижро ишлари бўйича амалга оширилган ижро тадбирлари давомида 114 минг 141 та ижро ҳужжати бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, 39 минг 758 таси бўйича 733,5 миллиард сўм ундирилишига эришилди. Банклар фойдасига ундирув билан боғлиқ 2,5 триллион сўмлик 43709 та ижро ҳужжати бўйича амалга оширилган ижро тадбирлари давомида эса 26 минг 303 та (1,8 триллион сўмлик) ижро ҳужжати бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, шундан 14 мингдан ортиғи бўйича 800 миллиард сўмга яқин қарздорликлар амалда ундирилди. Шу билан бирга, қарздорликни ундириш мақсадида қарздорларга тегишли бўлган 764 та (570,7 миллиард сўмлик) мол-мулклар хатланиб, аукцион савдоларига чиқарилди.
[gallery-20373]
С.Жабборовнинг таъкидлашича, йил бошидан буён вилоятда ишга тиклаш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари асосида қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 65 нафар фуқаро ишга тикланди. Иш ҳақи ундириш билан боғлиқ 161 та (1,8 миллиард сўмлик) ҳужжат ижроси таъминланиб, 132 таси бўйича 1,5 миллиард сўмга яқин иш ҳақи ундириб берилди.
Алимент ундириш билан боғлиқ ишлар сони ҳамон кўплигича қолмоқда. Йилнинг ўн ойида вояга етмаган фарзандлар фойдасига алимент ундириш билан боғлиқ 39 мингдан ортиқ ижро ҳужжати бўйича ижро тадбирлари амалга оширилиб, 115,1 миллиард сўмдан ортиқ алимент қарздорликлари ундирилиши таъминланди. Шунингдек, 123 нафар ундирувчига алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан 1 миллиард 173 миллион сўмга яқин маблағ тўланди.
– Ушбу тоифадаги ижро ҳужжатлари бўйича “маҳалла еттилиги” ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик суҳбатлар ва кўрилган чора-тадбирлар натижасида 9888 та оила яраштирилди, – деди С.Жабборов. – 2238 нафар ишсиз алимент тўловчи ишга жойлаштирилди. Шу билан бирга, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган 982 нафар шахс маъмурий, 123 нафари жиноий жавобгарликка тортилди. Алимент тўловчи деганда асосан оталарни тушунамиз. Минг афсуски, бугун вилоятимизда 350 нафардан ортиқ алимент тўловчи оналар ҳам борки, уларнинг аксарияти фарзандини ташлаб, хорижга кетган.
Бошқарманинг қидирув шуъбаси томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда 633 нафар қарздорга нисбатан олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида 470 нафар қарздор топилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари