Алимент пули жамғарма ҳисобидан қоплаб берилди
Инсон улғайиб, оилали бўлгач, фарзандининг бахту камолини ўйлаб яшайди. Аслида ҳам ҳаёт шу фазилатимиз билан гўзал, турмушимиз тотли бўлади. Бироқ, айрим кимсалар ҳам борки, улуғ орзу-ниятлар билан рўзғор қургач, унинг паст-баландига, оғиру енгилига чидай олмай, гулдек фарзандининг ота ёки она меҳридан мосуво яшашига сабабчи бўлади. Яъни, ота-она оиласига дарз кетиб, ажрашгач, ўғил-қизининг турмуши учун берилиши лозим бўлган алимент пулини ҳам кўзи қиймайди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда ана шундай алиментчилардан бегуноҳ фарзанди учун суд тартибида ажратилган маблағни ундириб бериш миллий қонунчилигимиз доирасида мустаҳкамланди. Эндиликда ажрашган оилада камол топаётган фарзандга белгиланган моддий таъминот маблағини тўлашдан бўйин товланса, алиментчига тегишли жазо қўлланилган ҳолда Мажбурий ижро бюросининг махсус алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан берилмоқда. Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг 2021 йил январь ойидаги ижро ҳужжатига асосан туманда яшовчи Р.Акбаровдан вояга етмаган бир фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган бўлса-да, қарздор ота ёлғиз фарзанди учун алимент тўлашдан бўйин товлаб келгани учун маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилган.
– Афсуски, алиментчи ота бу таъсир чорасидан тўғри хулоса чиқармади, – дейди МИБ Сурхондарё вилоят бошқармаси масъул ходими Қобилжон Турсунов. – Алимент пулини тўлашдан яна қасддан бўйин товлади. Шундан сўнг унга нисбатан Мажбурий ижро бюроси Денов туман бўлими жиноят иши қўзғатиб, қарздор отага суд ҳукми билан 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Фарзандининг моддий таъминоти учун берилмаган 40 миллион сўм алимент пули МИБнинг махсус алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан ундирувчи номига очилган банк пластик картасига тўлиқ тўлаб берилди.
МИБ мутасаддиларининг айтишича, бу билан қарздор ота алимент тўловларидан озод этилмайди. Фарзандининг моддий таъминоти учун қоплаб берилган алимент пули кейинчалик қарздор отадан жамғарма ҳисоб рақамига қайтарилиши таъминланади.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА мухбири