Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил Тошкент шаҳар сайловчилари билан учрашувида кейинги пайтларда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш бўйича катта ишлар амалга оширилаётгани хусусида алоҳида тўхталган эди. “Айни пайтда олдимизда янги, янада муҳим вазифалар турибди. Жумладан, зиёлиларимиз, кенг жамоатчилик билан бамаслаҳат лотин ёзувига асосланган алифбомизни такомиллаштириш бўйича ишларимизни якунига етказиш зарур”, деб таъкидлаган эди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш масалаларига бағишланган республика илмий-назарий конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Анжуман Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
[gallery-13677]
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Низомиддин Маҳмудов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодир Холбўтаев ва бошқалар она тилимизни ривожлантиришга кейинги йилларда катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
– 2019 йил она тилимизни ривожлантириш бўйича туб ижобий бурилиш йили бўлди, – деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодир Холбўтаев. – Давлатимиз раҳбари жорий йил Тошкент шаҳрида ўз сайловолди учрашувида лотин ёзувига асосланган алифбомизни такомиллаштириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб бердилар. Бу борада олимлар, академик жамоа, тилшунослар, зиёлилар, маданият ходимлари, оммавий ахборот воситалари ходимларининг иштирокида бамаслаҳат иш кўришни лозим топдик. Таклифларимиз илмий, мантиқий, амалий жиҳатдан ишимизга фойда бериши керак, деб ўйлайман.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо ва бошқалар лотин ёзувига асосланган алифбомизни такомиллаштириш мамлакат келажагига дахлдор масала эканини, бу долзарб масала умумхалқ муҳокамасига қўйилиши кераклиги, давлатимиз манфаатига хизмат қилишини таъкидлади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашув чоғида зиёлиларимиз, кенг жамоатчилик билан бамаслаҳат лотин ёзувига асосланган алифбомизни такомиллаштириш бўйича ишларни якунига етказиш зарурлигини илгари сурган эди.
Ушбу вазифани амалга ошириш мақсадида шу вақтгача тўпланган тажриба, олимлар, зиёлилар ва кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари, соҳа мутахассисларининг илмий хулосалари, таклифларини ҳар тарафлама ҳисобга олган ҳолда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Илмий-назарий конференцияда ишлаб чиқилган ушбу таклифлар атрофлича муҳокама этилди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида иш олиб борган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳнинг хулосалари эълон қилинди.
Анжуманда сўзга чиққанлар кун тартибидаги масала жуда долзарб экани, кўп вақтдан бери алифбомизда айрим камчиликлар борлиги ва уларни бартараф этиш зарурлиги ҳақида жамоатчилик томонидан кўплаб фикрлар билдирилаётгани таъкидланди.
Конференция давомида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти бўлим мудири Ёрқинжон Одилов янги ўзбек алифбосига ўтиш бўйича таклиф этилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Конференцияда таклиф сифатида Ишчи гуруҳ томонидан 28 та ҳарф, 1 та ҳарфлар бирикмаси ва тутуқ белгисидан таркиб топган такомиллаштирилган алифбо лойиҳаси эълон қилинди. Бунда қуйидаги 4 та ҳарф шаклини бироз ўзгартириш таклиф этилмоқда:
Oʻ – Õ
Gʻ – Ğ
Ch – C
Sh – Ş
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу лойиҳа вариантини яратишда илмий, мантиқий, таълимий, техник жиҳатлар эътиборга олинди.
Тақдимотда сўзга чиққанлар мазкур алифбонинг аҳамияти, уни такомиллаштириш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар, илмий, ҳуқуқий йўналишларда амалга оширилиши талаб этиладиган чора-тадбирлар ҳақида фикр билдирди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров(сурат),
ЎзА