Алданган харидорлар ҳуқуқи ҳимояланди
Қашқадарёлик У.Эсонов машина сотиб олиш мақсадида «Қашқадарё автотеххизмат» МЧЖ билан 67 миллион 500 минг сўмлик шартнома тузган. Машина учун тўловларни ўз вақтида тўлаган бўлса-да, шартномада кўрсатилган муддатда автомашина етказиб берилмайди.
Ҳолатдан норози бўлган фуқаро Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Ўрганишлар давомида истеъмолчининг талаблари инобатга олиниб, автомашина истеъмолчига етказиб берилди.
Яна бир мурожаат Бухоролик К.А дан келган. Қайд этилишича, у Бухорода жойлашган савдо мажмуасидан 1.850.000 сўм эвазига қўл телефони харид қилган. Орадан бироз вақт ўтиб телефон носоз аҳволга келиб қолган. У тадбиркорга бу борада мурожаат қилади, лекин телефон алмаштириб берилмайди. Мурожаат ўрганилгач, истеъмолчининг телефони бошқа муқолбил вариантдаги телефонга алмаштириб берилди.
Мафтуна Каримова, ЎзА