Ёз мавсумида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг мева-сабзовот, полиз экинларига бўлган эҳтиёжини қондириш, экспортга чиқариш устувор вазифалардан ҳисобланади.
Бу борада қишлоқ ҳўжалиги соҳасидаги ишларни янада жадаллаштириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб бориш, дала ва томорқаларда етиштирилаётган ҳосилнинг сифатли бўлишини таъминлаш, аҳолининг ўз томорқа ерларидан унумли фойдаланиш, томорқачилик билан шуғулланаётган хонадонлар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Ҳаитов Қорақалпоғистон Республикасида бўлди.
Ташриф давомида Амударё туманидаги Дўрмон ҳамда Халимбег овулларидаги фермер хўжаликлари ғўза майдонларини кўздан кечирди.
Ўрганишлар давомида Актам Ҳаитов ғўза парваришида белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, касаллик ва зараркунандаларга қарши самарали курашиш, озиқлантириш ишларини якунлаш, ушбу майдонларни шарбат усулида пешма-пеш суғориш, культивация ишларининг ташкил этилиши бўйича таклифларини берди.
Пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида амалий кўргазмали семинар ўтказилди. Тадбирда фермерлар томонидан шу кунларда ғўза парвариши борасида қилинаётган ишлар борасида тажриба алмашилди. Жумладан, қатор ораларини юмшатиш, сувдан, биопрепаратлардан тўғри фойдаланиш, бегона ўтлардан тозалаш, зарарли ҳашоратлардан ҳимоялаш тавсия этилди.
Кейинги манзил Халимбег овулида истиқомат қилувчи ака-ука Турсунбой ҳамда Эркинбой Тоғаевларнинг хонадонлари бўлди. Ихчамгина томорқасидан унумли фойдаланиб, турли полиз экинларини экиб, катта даромад манбаига эга бўлаётган ака-укалар етиштирган маҳсулотларини бозор расталарига чиқариб, аҳолини арзон ҳамда сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга ҳисса қўшмоқда.
Сўнг Холимбег овулида истиқомат қилувчи, ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш орқали йўлга қўйган фуқароларнинг далаларига ҳам борилди.
Ушбу фуқаролар ҳоким ёрдамчиси Акмалбек Холмуратовнинг кўмаги билан e-auksion тизими орқали 25 сотихдан ижарага ер олиб, ушбу майдонларда етиштирилган экинларни агротехника қоидаларига риоя қилган ҳолда парваришлаб, сифатли полиз маҳсулотларини етиштирди. Экинларнинг дастлабки ҳосилидан 15 миллион сўм атрофида соф даромад кўрган фуқаролар бугунги кунга келиб ўз далаларига такрорий экинлар эккан.
Ўрганиш жараёнида Элликқалъа туманидаги “Саҳтиён” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Ғуломбек Сейтимбетов хонадонида овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, тегишли соҳа вакиллари иштирокида аҳоли хонадонларида узум етиштириш бўйича кўргазмали семинар ташкил этилди.
Мазкур хонадонда 198 туп ҳар хил турдаги узум нави экилган бўлиб, узумлар ҳосилга кирган. Ушбу хонадон томорқасининг 4 сотихли қисмига “Олтиариқ” усулида узум навлари экилган бўлса, қолган 4 сотих мойдонга боғ барпо қилинган.
Актам Хаитов “Амиробод” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “AGRO EKSIM GOLD” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
2018 йилда ташкил қилинган корхонага “Амиробод” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 5,8 гектар ер ажратилиб, шундан 3,6 гектарига “Асака банк”нинг Нукус филиалидан олинган кредит эвазига замонавий типдаги гидропоника услубидаги иссиқхона барпо қилинди. Натижада 60 та доимий, 110 та мавсумий иш ўрни яратилди. Бундан ташқари 2020 йилда мева-сабзовот кластери ташкиллаштириш учун 104 гектар ер майдони ажратилди ва қўшимча 40 та янги иш ўрни яратилди. Экспорт ҳажми 2018 йили 298 минг 492 АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 3 миллион 508 минг 749 АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йилда эса экспорт ҳажмини 4 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилган.
Мазкур корхона ҳозирги кунда гидропоника усулида помидор етиштиришни йўлга қўйган бўлиб, қўшни давлатларга помидор, лавлаги, тарвуз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилишни йўлга қўйган.
Кенгаш раиси Актам Хаитов ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА