АКТ: Таълим ва самарадорлик
Ёшлар маънавияти, уларнинг ўз фикрини тўғри ва мантиқий ифодалаши, оғзаки нутқи равонлиги, адабий тил қоидаларига амал қила билиши, китобга қизиқиши мактабда она тили ва адабиёти фани ўқитилиши билан бевосита боғлиқ.
Ёшлар маънавияти, уларнинг ўз фикрини тўғри ва мантиқий ифодалаши, оғзаки нутқи равонлиги, адабий тил қоидаларига амал қила билиши, китобга қизиқиши мактабда она тили ва адабиёти фани ўқитилиши билан бевосита боғлиқ.
Бухоро шаҳридаги 28-умумтаълим мактабида “Она тили ва адабиёти дарсларида ахборот-коммуникация технологияларини ўқув жараёнида самарали татбиқ этиш давр талаби” мавзуида ўтказилган илмий-амалий семинарда ана шу ҳақда сўз борди.
Тадбирда шаҳар халқ таълими мутахассислари, она тили фани ўқитилишида таянч мактаби саналган 9-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби педагоглари иштирок этди.

– Ҳар бир фан бўйича ойликлар ўтказиш анъанасининг аҳамияти катта, – дейди мезбон мактабнинг тил ва адабиёти фани ўқитувчиси Дилдора Ғаффорова. – У билим масканларида у ёки бу предмет ўқитилишини таҳлил қилиш, таълимда илғор тажрибаларни оммалаштиришга хизмат қилади. Она тили ва адабиёти фани ва Давлат тили ойлиги Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилиниш санасига ҳамоҳанг ўтказилиши рамзий маънога эга. Биз ойлик давомида кўплаб билим тарғиботи тадбирлари, иншолар ва расмлар танловлари, давра суҳбатлари ўтказдик.
Таъкидлаш керак, амалга оширилган мана шу ишлар семинар иштирокчиларига тақдимот этилди.
Фақат бугина эмас. Мактабга ташриф буюрган мутахассислар мазкур таълим маскани ўқитувчилари томонидан “Алишер Навоий ижодининг бадиий ва тарбиявий аҳамияти“, “Жуфт ва такрорий олмошлар”, “Ҳаракат номи”, “Тўлдирувчи ҳақида таълимот” мавзуларида ўтказилган очиқ дарсларини ҳам кузатди. Гуруҳларга бўлинган ҳолда олиб борилган машғулотларда илғор педагогик усуллардан фойдаланилди. Бу эса ўқувчиларнинг мавзуга қизиқишини оширди, улар дарсда ўз фикрларини эркин баён этди. Инновацион таълим муаллимларнинг болалар билан ишлашда, ўқувчиларнинг эса мавзуни ўзлаштиришида афзаллиги намоён бўлди.
– Биласизми, баъзи мактабларда ўтказилган очиқ дарсларда ёқимсиз ҳолатларни кузатганман, – дейди тадбирга таклиф қилинган 19-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Феруза Мансурова. – Машғулотлар жараёнида кўпинча, олдиндан келишиб қўйилганидек, аълочи ўқувчилар саволларга жавоб беришади. Ахир бу билан, синфда ўзлаштириш даражасини баҳолаб бўлмайди-ку. Семинар ўтказилган мактабда мени мамнун этгани шу бўлдики, бу ерда билим савиясидан қатъи назар, барча фаол. Демак, ўқувчи дарсда мавзуни тушунишга, илмга интилади.
Семинар доирасида ”Муқаддассан, мунавварим – Она тилим” мавзуда семинар бўлиб ўтди. Унда очиқ дарслар таҳлил этилди. Ютуқлар билан бирга камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Машғулотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича тавсиялар берилди. Тадбирда мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида таълим тизими олдидаги вазифалар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Мактабда китобхонликка қизиқиш катта. Билим даргоҳи кутубхонаси аъзолари сони кўпайиб бораётир. Яна муҳими, кутубхона фонди янги бадиий асарлар ҳисобига бойимоқда. Тадбир жараёнида улар кўргазмаси ташкил этилди.
Билим масканида фаолият юритаётган тўгараклар фаолияти Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббусга мувофиқ, қайта ташкил этилмоқда. Семинар давомида ўқувчиларнинг шеърият мушоирасида, намойиш этилган саҳна кўринишларида она тилимиз муқаддаслиги тараннум этилди.

