Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов «Ўзбекистон-Тожикистон: иттифоқчилик ва минтақавий ҳамкорликнинг янги истиқболлари» мавзусидаги илмий-амалий конференцияда сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Икки мамлакатнинг етакчи экспертлари, мутахассислари, олимлари ва таҳлилий, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари вакиллари иштирок этган ушбу тадбир Марказий Осиё халқаро институти томонидан ташкил этилди ва икки томонлама ҳамкорликнинг асосий масалалари бўйича мазмунли фикр алмашиш учун муҳим эксперт майдонига айланди.
Эксперт шиддатли глобал ўзгаришлар ва минтақавий муҳитдаги башорат қилиб бўлмайдиган жараёнлар шароитида икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари таҳдидларни енгиб ўтиш ва бутун минтақа барқарорлигини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, «бугунги кунда муносабатларимиз мисли кўрилмаган юксалишда, ўз тарихидаги энг яхши даврни бошдан кечирмоқда. Биз кескинлик омили бўлган аввалги келишмовчиликларни енгиб ўтиб, илғор тараққиёт йўлига ўтдик».
Спикер таъкидлаганидек, ушбу имконият давлат раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг қатъий сиёсий иродаси, стратегик қарашлари ва изчил саъй-ҳаракатлари туфайли юзага келди. «Бугунги кунда давлатларимиз ўртасида ҳар томонлама сиёсий мулоқот йўлга қўйилган бўлиб, у чинакам тизимли характерга эга. У нафақат давлат раҳбарлари даражасида, балки мамлакатларимиз ҳукуматлари, вазирликлари, парламентлари ва ҳудудлари ўртасида ҳам фаол амалга оширилмоқда», — деди эксперт.
Бугунги кунда икки томонлама муносабатларнинг ишончли институционал таянчи бўлиб хизмат қилаётган ҳамда хавфсизлик, иқтисодиёт, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кучли суръат бағишлаётган сиёсий ҳамкорликнинг мустаҳкам архитектураси шакллангани таъкидланди.
Акрамжон Неъматовнинг сўзларига кўра, ҳамкорликнинг бундай зичлиги барқарор ўсишни намойиш этаётган товар айирбошлаш динамикасида ижобий акс этмоқда: 2016 йилдан буён икки томонлама савдо деярли тўрт баробарга ошиб, 2025 йил якунига кўра 900 миллион доллардан ошди.
Бунда унинг таркиби сифат жиҳатидан трансформация қилинаётгани алоҳида таъкидланди: хомашё товарлари (алюминий, энергия ресурслари, пахта ва кўмир) ўрнини юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар, жумладан, кимё маҳсулотлари, қурилиш материаллари, тўқимачилик, машина ва ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотлари эгалламоқда.
«Мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий ҳамкорликнинг янги модели шаклланмоқда — оддий савдо ўрнини саноат кооперацияси ва сармоявий шериклик эгалламоқда», — деди СМТИ вакили.
Бунинг тасдиғи сифатида у Ўзбекистонда Тожикистон капитали иштирокидаги корхоналар сони ўн йил олдин атиги 23 та бўлган бўлса, ҳозирда қарийб 340 тага етгани ҳақидаги маълумотларни келтирди.
Биргаликда қишлоқ хўжалиги ва маиший техника ишлаб чиқариш муваффақиятли йўлга қўйилмоқда, Тожикистон хомашёси ва Ўзбекистон технологиялари асосида тўқимачилик кооперацияси фаол ривожланмоқда.
Унинг фикрича, глобал логистика алоқаларининг узилиши шароитида бундай кооперация минтақавий барқарорлик масаласига айланади. «Давлатларнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини ўзи таъминлаши хавфсизликнинг муҳим омилига айланмоқда. Умумий ишлаб чиқариш ва технологик маконнинг шаклланиши ташқи шокларга қарамликни камайтиради, қиммат импорт ўрнини босади, истеъмол нархларини пасайтиради ва истиқболли тармоқларга сармоя киритиш учун қўшимча ресурсларни ажратиб беради», — дея таъкидлади эксперт.
СМТИ вакили икки томонлама саноат кооперациясининг ривожланиши учинчи мамлакатлар, биринчи навбатда, Афғонистон ва Жанубий Осиё давлатлари бозорларига биргаликда чиқиш учун истиқболлар очишига ишончи комил. Экспертнинг фикрича, ушбу мамлакатларда аҳоли сонининг ўсиши, иқтисодиётнинг ривожланиши ва вазиятнинг аста-секин барқарорлашуви билан саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб ортади.
Хулоса қилар экан, Акрамжон Неъматов бугунги кунда Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларининг янги модели — стратегик прагматизм, тарихий-маданий яқинлик ва узоқ муддатли ривожланиш мақсадларининг мос келишига асосланган иттифоқчилик модели шаклланаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундай модель бутун Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва мустаҳкамлигининг асосий омилларидан бирига айланмоқда.
ЎзА