Бўстонлиқ тумани “Қизилсув” МФЙ ҳудудидаги давлат захирасида бўлган яйлов ерлари номаълум шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгалланиб, 36 сотих ер майдони ўраб олинган ва қурилиш ишлари амалга оширилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Кадастр агентлиги Бўстонлиқ туман бўлими томонидан тўпланган маълумотлар қўшма тартиб асосида прокуратура органларига юборилган ва ер қонунбузилишини содир этган фуқаронинг шахси аниқланган. Айни пайтда ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қурилмалар эса шу ерлик маҳалла фаолларининг ташаббуси билан бартараф этилди.
Кузатувларга кўра, аслида мазкур қурилмалар номигагина кўтарилгани ва ҳаттоки пойдеворсиз экани, катта эҳтимол билан яқин муддатларда тасдиқланиши кутилаётган акция баҳона ҳужжатлартириш мақсадида амалга оширилган.
Кадастр агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Ю.Уралованинг таъкидлашича, шу кунларда аҳоли орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган ва ҳукумат томонидан тасдиқланиши кутилаётган Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида кўрсатилган биринчи шартлардан бири бу 2018 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга нисбатан ҳуқуқ берилишидир. Бундан айрим уддабуронлар фойдаланиб қолиш пайидан бўлаётгани ачинарлидир.
Куни кеча Кадастр агентлиги томонидан эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик” доирасида Тошкент вилоятида назорат рейдлари бошланган. Бундан мақсад юқоридаги каби қонунбузилиш ҳолатларига тегишли тартибда чора қўришдир.
А.Мусаев, ЎзА мухбири