Буюк мутафаккир ва алломаларимизнинг ислом маданиятини равнақ топтиришга қўшган беқиёс ҳиссаси тўғрисида сўз юритганда, энг аввало, мусулмон оламида «муҳаддислар султони» дея улкан шуҳрат қозонган Имом Бухорий бобомизнинг муборак номлари ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олинади.
Бу мўътабар зот меросининг гултожи бўлмиш энг ишончли ҳадислар тўплами – «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» китоби ислом динида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба бўлиб, ислом эътиқодига кўра, у башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланади.
Қувонарлиси, сўнгги йилларда юртимизда яшаб ижод этган буюк аллома ва мутафаккирларнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини тадқиқ қилиш, улар қолдирган асарларни илмий-изоҳли таржима қилиб, халқимизга етказиш долзарб масалаларга айланмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Имом Бухорий қаламига мансуб «Саҳиҳи Бухорий» асарининг ўзбек тилидаги шарҳи китобининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда «Ҳилол-нашр» матбаа нашриёти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда диншунослар, олимлар, экспертлар, профессор-ўқитувчилар,талаба-ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов Ўзбекистон – дунё тамаддуни ва ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти сифатида шуҳрат қозонганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аждодларимиз меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш юзасидан амалга оширилаётган эзгу ишлар юртимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар буюк алломанинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш, кенг оммага, хусусан, ёшларга етказиш муҳим эканини таъкидладилар.
Дарҳақиқат, манбаларга кўра, Имом Бухорий «Саҳиҳ ал-Бухорий» асарини жамлаш, муқаддас ислом динининг асл моҳиятини тарғиб этиш учун ўзининг бутун умрини бахшида этган мўътабар зот эди.
Тадбир ниҳоясида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири