Академик талабалар билан учрашди
Навоий давлат университетида “Академик ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Университет профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этган тадбирда академик Х.Ибрагимов ўзининг илмий ва амалий фаолияти, академик даражасигача етиб келишдаги сермашаққат ҳаёт йўли, бугунги кунда ёшларга қаратилаётган эътибор ва илм-фан соҳасида яратилаётган имкониятлар ҳақида тўхталди. Талаба-ёшларни бундан унумли фойдаланишга чақирди.


Ўз навбатида университет ректори Муҳиддин Калонов олий таълим даргоҳининг янги бунёд этилаётган кампуси, шунингдек, ўқув-услубий, маънавий-маърифий, илмий-тадқиқот соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб, академик Холбой Ибрагимовга миннатдорлик билдирди. Юртимиздаги илм-фан соҳаси ривожи учун малакали мутахассислар ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашда қўшаётган ҳиссаси, кўп йиллик самарали меҳнатлари ҳамда ҳамкорлик учун эсдалик совғаларини топширди.
Учрашув сўнггида Холбой Ибрагимов университет тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи фаолияти билан танишди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири