Ватанимиз тарихидаги 3 июнь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1869 йил (бундан 156 йил олдин) – Россия Давлат Кенгашининг қарори билан Тошкентда Молия вазирлигига қарашли Туркистон Ғазначилик палатаси ташкил этилиб, шу пайтгача бу ерда фаолият кўрсатган харажат бўлими ёпилди. Тарихчи Уйғун Жумаевнинг қайд этишича, унинг ҳисобида бўлган барча маблағлар ва мулклар Туркистон Ғазначилик палатаси ихтиёрига ўтказилди. Ғазна мулкларини жойлаштириш учун бинолар қуриш ва уларни қўриқлаш ишлари ўлка генерал-губернатори зиммасига юкланди.
1910 йил (бундан 115 йил олдин) – Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II нинг соғлиғи ёмонлашиб, тез-тез касал бўлиб тургани сабабли Туркистон генерал-губернатори Самсонов Россия империяси Ташқи ишлар вазиридан Хива хони вафот этган тақдирда қандай йўл тутиш ҳақида: хоннинг ўғли Асфандиёрхонни валиаҳд сифатида хон деб тан олиб, тартибсизликларни бостириш керакми ёки шу баҳонада хонликни империя таркибига қўшиб олиш лозимми, деб маслаҳат сўради.
Тарихчи олим Неъмат Полвоновнинг қайд этишича, вазирнинг жавоб хатида Туркистон генерал-губернаторига хонликдаги бошқарув тартиби сақланган ҳолда Асфандиёрхонга ислоҳотлар ўтказиш лойиҳасини таклиф этиш ва унинг бажарилишини талаб қилиш вазифаси юклатилди. Шу сабабли ҳам Туркистон генерал-губернатори Амударё бўлими бошлиғига агар Муҳаммад Раҳимхон II вафот этса, подшо ҳукумати номидан Асфандиёрхонни Хива хони деб тан олиш ва тартибсизликлар вужудга келса, ҳарбий куч билан бостириш ҳамда янги хондан мамлакатда ислоҳотлар ўтказишни қаттиқ талаб қилиш топширилди.
1913 йил (бундан 112 йил олдин) – ҳуқуқшунос олима, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Хадича Сулаймонова таваллуд топди (вафоти 1965 йил). У 1954–1955 йилларда Тошкент юридик институти ректори, 1956–1959 йилларда Ўзбекистон ССР Адлия вазири, 1959–1964 йилларда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети ҳузуридаги Адлия комиссияси раиси лавозимларида ишлаган. 1964 йилдан то умрининг охирига қадар Ўзбекистон ССР Олий суди раиси бўлган.
Олиманинг илмий ишлари жиноят ҳуқуқи, хусусан, Ўзбекистонда ҳуқуқшунослик фанининг вужудга келиши ва ривожланиши, хотин-қизлар ҳуқуқи масалаларига бағишланган. У Ўзбекистон Фанлар академияси Фалсафа ва ҳукуқ институтини (1958), республика Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд экспертизаси илмий-тадқиқот институтини (1959) ташкил этиш ташаббускорларидан бири бўлган.
1943 йил (бундан 82 йил олдин) – Наманган вилояти туманларида Иккинчи жаҳон уруши даврида озод этилган Қабардин–Болқар меҳнаткашларига юбориш учун китоб тўплаш ташкил этилди. Вилоят кутубхоналари жамғармаларидан 4 минг 725 та китоб тўпланди.
1954 йил (бундан 71 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукумати “Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ўртасида сув тақсимоти ҳақида ва Каттақўрғон сув омбори иш тартиби тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Унда жойлардаги сув хўжалиги органлари зиммасига Зарафшон дарёсида сув режада белгиланган сарф миқдоридан пасайиб кетганда Самарқанд ва Бухоро вилоятларига Каттақўрғон сув омборидан режадаги сувни бериб бориш, зарурат туғилганда Тўдакўл ва Қуйимозор сув омборлари сувлари ҳисобидан ушлаб туриш топшириғи юкланди.
1957 йил (бундан 68 йил олдин) – Ўзбекистон Олий Совет Президиумининг фармони билан Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтига Абу Райҳон Беруний номи берилди.
1959 йил (бундан 66 йил олдин) – Тошкент вилоят ижроия қўмитаси “Туябўғиз сув омбори қурилишининг бориши тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Унда Оҳангарон дарёсидаги Туябўғиз сув омборининг вилоятда энг катта сув хўжалиги объекти сифатида мавжуд ер майдонларини сув билан таъминлаш ва янги ер майдонларини ўзлаштиришда катта аҳамиятга молик эканлиги алоҳида қайд этилди.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент молия институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – жамоат тартибини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, табиий офатлар пайтида қутқарув ишларини олиб бориш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ички қўшинлари таркибида Тезкор полк тузилди ва унинг бўлинмаларининг жойлашган жойи сифатида Тошкент, Термиз ва Самарқанд шаҳарлари белгиланди.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Тошкентда Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясининг таъсис қурултойи бўлиб ўтди.
1997 йил (бундан 28 йил олдин) – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Тошкент–Берлин–Тошкент янги ҳаво йўлини очди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари рейтингини аниқлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА