Ватанимиз тарихидаги 30 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1861 йили (бундан 164 йил олдин) – Қўқон хонлиги элчиси Хўжа Судур Усмонийлар ҳукуматидан Россия империяси билан музокаралар олиб боришни ҳамда русларга таъсир кўрсатиб, Қўқон хонлиги ҳудудларига ҳужум қилишдан тўхтатишни сўради. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Усмонийлар Қўқон хонлиги билан яхши муносабатларни сақлаб турган бўлса-да, амалда ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаган.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Россия Совет Федерацияси таркибидаги Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси тузилганлиги эълон қилинди. Республика аҳолиси 5 миллион кишини ташкил этган. Унинг пойтахти этиб Тошкент шаҳри белгиланган.
1920 йил (бундан 105 йил олдин) – Бутун Хоразм Халқ вакиллари биринчи қурултойининг охирги мажлисида – кириш сўзи, 13 боб, 37 моддадан иборат бўлган – Хоразм Халқ Совет Республикаси Муваққат Конституцияси қабул қилинди. Бу Хоразм тарихидаги биринчи Конституция бўлиб, унда илк маротаба кенг халқ оммасининг сиёсий ҳуқуқлари тенглаштирилди.
1931 йил (бундан 94 йил олдин) – кимёгар олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Мирҳожи Асқаров таваллуд топди (вафоти 2020 йил). У 50 дан ортиқ янги мономерларнинг полимерланиш кинетикаси ва механизмини ўрганиш натижасида хоссалари барқарорлаштирилган карбонзанжирли пластмассаларни барпо этган.
1932 йил (бундан 93 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукуматининг йиғилишида қоракўлчилик соҳаси учун кадр тайёрловчи институт ва Қоракўлчилик илмий тадқиқот институтини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қоракўлчилик соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар асосан Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти зоотехника факультетида тайёрланди.
1935 йил (бундан 90 йил олдин) – геолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Файзулла Усмонов таваллуд топди (вафоти 2008 йил). У Е.Э.Раҳимова билан ҳамкорликда биринчи марта Ер йўлдошларидан олинган маълумотлар бўйича геологик объектларда минералларни миқдорий аниқлашнинг назарияси ва услубларини яратди.
Файзулла Усмонов статистик назарий тахлил асосларини ва конларни башорат қилиш учун янги математик усуллар тавсия қилди ва улар асосида компьютер дастурлар мажмуасини ва “Геоанализ” номли компьютер ахборот тизимини яратди.
1960 йил (бундан 65 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукумати қарорига асосан Туябўғиз сув омборига “Тошкент денгизи” номи берилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, сув омбори атрофида дам олиш ҳудуди ташкил этилган. Сув омбори Тошкент вилоятининг Бўка, Оққўрғон, Ўрта Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ туманларида суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилашга имкон берди.
1964 йил (бундан 61 йил олдин) – Сирдарё вилоятидаги Сардоба тумани ташкил этилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, туманнинг номи ҳисобланган “сардоба” сўзи форс тилидан олинган. У усти гумбаз шаклидаги ғишт қурилма билан беркитилган сунъий ҳовуз маъносини англатади. Қадим замонда сувсиз ерларда, чўлларда, карвон йўлларида ғиштдан қурилган усти ёпиқ ҳовузнинг номи шундай бўлган.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Тошкент метрополитени иккинчи йўлининг охирги линияси – “Тинчлик” ва “Беруний” станциялари фойдаланишга топширилди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Европа Тикланиш ва тараққиёт банки аъзоси бўлди.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Тошкентда Германия элчихонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Бразилия Федератив Республикаси билан дипломатия муносабатларини ўрнатди.
1994 йил (бундан 31 йил олдин) – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Халқаро дастурининг асосий қоидаларига мувофиқ ҳамда наркотик моддаларга қарши кураш олиб бориш ишларини мувофиқлаштириш ва Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси тузилди.
1998 йил (бундан 27 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Оила ва Ер кодекслари тасдиқланди.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиниши муносабати билан амнистия тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Жиззах вилоятидаги Янгиобод тумани ташкил этилди. Туман ҳудудида Хўжамушкент бобо, Рустам бобо, Сайидон Азиз, Чангаул каби зиёратгоҳлар бор.
2004 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Футбол клублари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги қонун умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Референдумда қатнашганларнинг 90,21 фоизи янгиланган Конституцияни ёқлаб овоз берди. 1992 йили қабул қилинган, бир неча бор тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган Конституциямиз 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборат эди. Янгиланган Конституция эса 6 бўлим, 27 боб, 155 моддадан ташкил топган. Мавжуд 64 моддага 200 дан ортиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилди. 16 нормани ўз ичига олган 6 та тамоман янги модда қўшилди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА