Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Т.Н.Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти директори, академик Холбой Ибраимов билан учрашув бўлиб ўтди.
Дастлаб академик олий таълим муассасасидаги Ажиниёз музейида бўлиб, бу ердаги экспонатлар билан танишди. Шундан сўнг институтда ёшларнинг ўқиши, билим олиши, назарий билимларни мустаҳкамлаш учун яратилган шароитларни кўздан кечириб, лабораториялар, ахборот-ресурс ва ИТ-инкубация марказлари фаолиятига юқори баҳо берди.

Тадбир “Академик ва ёшлар” мавзусидаги учрашув билан давом этди. Унда сўзга чиққанлар илмий, ижтимоий ва маданий соҳаларда фикр алмашиш, тажриба ва билимларни бўлишишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, академик ва ёш тадқиқотчилар, талабалар ўртасида мулоқот ўрнатишнинг самарали усули эканлигига алоҳида тўхталди.

Дарҳақиқат, бундай учрашувлар ёшларнинг илмий салоҳиятини ошириш, уларни илм-фан, технология, инновация ва ижтимоий ривожланиш соҳаларидаги янгиликлар билан таништиришда муҳим аҳамиятга эга. Учрашувда академик Холбой Ибраимов ёшларга ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб, уларга илм йўлида ўз ўрнини топиши учун маслаҳатлар берди.

Шундан сўнг академик институт профессор-ўқитувчилари ва институт атрофидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан суҳбатлашиб, улар билан илмий-тадқиқот ишлари, ижтимоий масалалар, экология, барқарор ривожланиш каби долзарб масалалар бўйича ҳам фикр алмашди. Учрашувлар давомида академик ёшларга, профессор-ўқитувчилар ва маҳаллалар аҳолиси бўлган кексаларга китоблар совға қилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири