“Ўзэнергоинспекция”нинг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан нефть маҳсулотларининг етказиб берилиши ва сотувга чиқарилиши бўйича назорат тадбирлари давом этмоқда.
Назорат жараёнида Фарғона туманидаги “В.Ҳ.О.” МЧЖга қарашли автомобиль ёқилғи қуйиш шохобчасига (АЁҚШ) таъминотчи омборидан олиб келинган 3,7 тонна АИ-80 русумли автобензин шохобча орқали сотилмасдан, қонунбузарлик асосида улгуржи равишда сотиб юборилгани аниқланди.
Бу ҳолат ортидан қоидабузарликка йўл қўйган АЁҚШнинг биржа савдоларидаги иштироки вақтинча тўхтатилди. АИ-80 автобензинига талаб ортиши сабабли кўплаб шохобчаларда навбатлар юзага келаётгани инобатга олиниб, бензинни сотувга чиқармасдан сақлаб турган ташкилотларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда.
Шу каби қоидабузарликлар Андижон вилоятида ҳам аниқланган. Хусусан, “Н.П.”, “Н.О.”, “Л.Г.”, “С.О.” ва “Ш.А.О.” МЧЖларга қарашли шохобчаларда биржа савдоларида харид қилинган АИ-80 автобензини ҳеч қандай асоссиз сотувга чиқарилмасдан сақлаб турилган ёки фаолият юритмаётган шохобчаларга йўналтирилгани маълум бўлди.
“Ўзэнергоинспекция” томонидан ушбу қоидабузарлик ҳолатларини бартараф этиш мақсадида назорат тадбирлари изчил равишда давом эттирилмоқда. Айбдор шохобчаларнинг биржа савдоларидаги иштироки вақтинча чекланган. Бу ҳақда инспекциянинг ахборот хизмати хабар берди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА