Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги оширилмоқда
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан Навоий вилоятининг Кармана тумани 1-сектор ҳудудидаги маҳаллалар аҳолиси учун “Халққа хизмат – олий қадрият” шиори остида коучинг ташкил этилди.
Кармана тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари ҳамда сектор ҳудудида маҳаллалардаги аҳоли вакиллари иштирок этган тадбирда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан кўрсатиладиган барча ижтимоий хизматлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
– Кармана туманида 43 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, 42 нафар ижтимоий ходим ҳамда 6 нафар ижтимоий ходим ассистентлари ажратилган, – дейди “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази бўлим бошлиғи Ғиёс Жумаев – Туманимизда ҳар бир ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимга ўртача 1881 та оила тўғри келмоқда. Ижтимоий ходим ўзига бириктирилган маҳаллалардаги оғир вазиятга тушиб қолган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами тўғрисида маълумотларни тўплаб, ҳудуднинг ижтимоий паспортини шакллантиради ҳамда аниқланган ҳолатлар бўйича оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий вазиятини яхшилайди.
[gallery-21727]
Интерактив ўйинлар асосида ўтган учрашувда иштирокчилар томонидан ижтимоий ҳимоя кўламини кенгайтириш ва ижтимоий хизматлардан фойдаланишда аҳоли учун қулайликларни ошириш борасида фикр ҳамда таклифлар билдирилди.
– Ташкил этилган коучингимиздан мақсад соҳадаги янгиликларни фуқароларимизга етказиш, ижтимоийлашувни ташкил этишда амалга оширилаётган ишлар билан таништириш, уларни қизиқтирган саволларга жавоб берган ҳолда конструктив мулоқотни йўлга қўйишдир, – дейди “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази бош мутахассиси Жонибек Қодиров. – Тадбирда реабилитация техник воситаларидан фойдаланиш ва протез-ортопедия маҳсулотлари, бола пули, нафақа пулини олиш, бир марталик компенсация тўловлари, санаторийларга йўлланма бериш, “Саховат ва кўмак” жамғармасидан ёрдам кўрсатиш тартиби билан фуқароларни таништириб, уларда билим ҳамда кўникмаларни оширмоқдамиз.
– Бугунги тадбирда иштирок этиб, кўп маълумотларга эга бўлдик. Билмаганларимизни ўргандик. Ногиронлиги бўлган шахсларга жуда катта имконият ва шароитлар бор экан. Ўзимизни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдик, – дейди Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Наргиза Абдуллаева.
Самимий мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда аҳоли вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбири