Аҳолининг эҳтиёжманд қатламига пул тарқатилди
Самарқанд вилоятининг Пахтачи ва Қўшработ туманларида “Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами иштирокини ошириш” лойиҳасининг иккинчи босқич якунлари бўйича тадбирлар ўтказилди.
Европа иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ушбу лойиҳа “Юксалиш” умуммилий ҳаракати ҳамда “Тараққиёт” аҳоли турмуш тарзини ривожлантириш маркази томонидан амалга оширилмоқда.
– Лойиҳанинг асосий мақсади – маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда қишлоқ аҳолисининг эҳтиёжларини баҳолаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш, маҳаллий кичик инфратузилмани тиклаш ва яхшилаш бўйича инклюзив ёндашувларни амалга оширишдан иборат, – деди тадбирларда иштирок этган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов. – Бунда Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг олис қишлоқ худудларидаги аҳолига ёрдам кўрсатишга кўмаклашиш кўзда тутилган. Хусусан, 12 та чекка қишлоқ ҳудудидаги 350 та эҳтиёжманд оилага пул маблағи тарқатиш, кичик инфратузилма (ички йўллар, кичик кўприклар, электр симлари ва устунлари, трансформатор, сув насослари ва бошқа)ни такомиллаштириш, оилавий шифокорлик пунктлари ва қишлоқ врачлик пунктларини COVID-19 га қарши махсус тўпламлар билан таъминлаш режалаштирилган. Шу пайтгача уч вилоятдаги олти туманда 12 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилди ҳамда инфратузилма муаммолари аниқланди.

Мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи жорий йилнинг июль ойида Самарқанд вилоятида ўтказилди. Лойиҳа мезонларидан келиб чиқиб, Пахтачи туманидан Дўнг ва Гулобод, Қўшработ туманидан Юқори Жўш ва Тоз маҳаллалари танланди.
– Ўтган вақт мобайнида ушбу маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаоллари, туман ҳокимликлари ва мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек, қишлоқ оилавий поликлиникалари мудирлари иштирокида маслаҳат учрашувлари бўлиб ўтди, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд филиали раҳбари Элёр Ҳамроев. – Эҳтиёжманд оилалар ва инфратузилма муаммолари аниқлаб олинди. Аҳоли фикрига кўра, электр энергияси, табиий газ, тоза ичимлик суви таъминоти, ички йўлларни ва кўприкларни таъмирлаш, эскирган электр симлари, ёғоч устунларини алмаштириш каби масалалар долзарб бўлиб турибди. Лойиҳа доирасида тумандаги мутасадди идоралар билан биргаликда ёғоч устунларни темир-бетон устунларга алмаштиришда кўмаклашиш режалаштирилди. Пахтачи туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Қурбон Ражабов” ҳамда “Қораминос” оилавий шифокорлик пунктларидаги шароит ўрганилди. Уларга зарур тиббий воситаларни харид қилиш учун тендер эълон қилинди.

Тадбирларда тўртта маҳалладаги 115 та эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам тариқасида пул маблағлари пластик картаси ҳамда сертификатлар топширилди. Шунингдек, тадбирлар давомида “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти мутахассислари томонидан маҳаллалар аҳолисига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА