Сирдарё вилояти Гулистон туманининг Зарбдор ва Фурқат маҳаллалари аҳолиси йиллар давомида ҳал этилмасдан келаётган муҳим муаммони бартараф этишда фаол иштирок этиб, ўз жипслиги ва ташаббускорлигини намоён этди.
Маҳалладаги оилавий шифокорлик пунктларининг аянчли аҳволи аҳоли учун кўп йиллар давомида турли қийинчиликларни келтириб чиқараётган эди. Замонавий тиббий жиҳозлар, қулай шарт-шароитлар ва муносиб инфратузилманинг йўқлиги сабабли фуқаролар зарур тиббий хизматлардан баҳраманд бўлиш учун узоқда жойлашган бошқа тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишга мажбур бўларди.

2024 йилда мазкур муаммони ҳал этиш мақсадида маҳалла фуқаролари “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида фаол иштирок этди. Биринчи босқичда улар 1 миллиард 350 миллион сўмлик лойиҳа билан ғолиб бўлди. Шундан 500 миллион сўм миқдоридаги маблағ 12-сонли оилавий поликлиника, 650 миллион сўм миқдоридаги маблағ 14-сонли оилавий поликлиника, 210 миллион сўм миқдордаги маблағ туман тиббиёт бирлашмаси маъмурий биносини таъмирлаш учун йўналтирилди.
Иккинчи босқичда эса 1 миллиард 354 миллион сўмлик қўшимча маблағ ютиб олиниб, ушбу маблағлар ҳисобидан замонавий тиббий жиҳозлар харид қилинди ва аҳоли учун юқори сифатли қулай шарт-шароитлар яратилди.

– Аҳоли ва тиббиёт ходимларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самарасида муассасаларимиз тубдан янгиланди. Замонавий ва шинам бинолар барпо этилди. Энг муҳими, аҳолимиз эндиликда ўз ҳудудида сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлди,–дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори вазифасини бажарувчи Раҳматулла Эгамбердиев.
Ҳақиқатдан ҳам, бу лойиҳа маҳаллий аҳолининг кўп йиллик муаммосига ечим бўлди. Фуқаролар энди тиббий хизмат қидириб узоқ йўл босишга мажбур эмас – барча шароитлар ўз маҳаллаларида яратилди.

“Ташаббусли бюджет” – бу халқнинг фикри, эҳтиёжи ва ташаббуси асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин намунаси бўлмоқда. У нафақат тиббий инфратузилмани яхшилашга, балки фуқароларни жамоавий қарорлар қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этишга ундамоқда.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат) ЎзА мухбирлари