Аҳолини рўйхатга олиш 2023 йилга қолдирилди
Дастлаб Президент Фармони билан аҳолини рўйхатга олиш 2022 йилда ўтказилиши белгиланган энди, кеча имзоланган Вазирлар Маҳкамаси қарорида ушбу жараёнлар 2023 йилда ўтказилиши тасдиқланди.
Ҳукуматнинг тегишли қарори (№710, 11.11.2020й) билан, аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1-25 ноябрь кунлари ўтказилиши белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистонда аҳолини синов тариқасида рўйхатга олиш тадбири 2021 йил 1-25 ноябрь кунлари Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида амалга оширилади.
Ҳукумат қарори билан, яна қуйидагилар тасдиқланди:
- Ўзбекистонда 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;
- Ўзбекистонда 2021 йилда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш дастури;
- Ўзбекистонда 2021 йилда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари рўйхати;
- Аҳолини рўйхатга олиш жараёнларига жисмоний ва юридик шахсларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 5 февралдаги ПФ-5655-сон Президент Фармонида Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишни 2022 йилда ўтказиш белгиланган эди.