Аҳолини иш билан таъминлаш энг муҳим вазифа
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Навоий вилоятида бўлиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, “маҳалла еттилиги” ҳамда маҳаллий Кенгашлар фаолияти билан танишмоқда.
Жумладан, Навбаҳор туманидаги Қоровултепа маҳалласидаги меҳнат гузари фаолияти, аҳолининг яшаш шароити билан танишди. “Маҳалла еттилиги” вакиллари, нуронийлар ва хотин-қизлар билан суҳбатлашди. Учрашувда Сенат раиси аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларнинг реинтеграциясини самарали ташкил этиш, хотин-қизлар билан ишлаш юзасидан бир қатор тавсиялар берди.



Вилоят Маънавият ва маърифат марказида Халқ депутатлари Навоий шаҳар, Кармана ва Навбаҳор туманлари Кенгашлари депутатлари билан ўтказилган учрашувда маҳаллий Кенгашлар фаолияти муҳокама қилинди. Унда депутатлик назорати институтидан самарали фойдаланиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси устидан таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатиш, чора-тадбирлар ва лойиҳаларни манзилли ўрганиш ҳамда назоратни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири