Аҳолимизнинг вақти ҳам нақди ҳам тежалмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда давлат хизматларини кўрсатишнинг янги тизимлари, замон талабларига мос тартиб-таомиллари жорий қилиниши аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бюрократик тўсиқларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг шу йил 23 мартдаги «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига биноан, 1 майдан бошлаб 28 турдаги давлат хизмати натижалари фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг хоҳишига кўра почта орқали етказиляпти.
Жумладан, аҳоли кўп мурожаат қиладиган соғлиқни сақлаш
ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида муҳтож шахсларга протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар етказиб бериш, кекса ва ногиронлиги бўлган шахсни ёлғиз яшайдиган ёки ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этиш, имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, ўзгаларнинг парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бор шахсларга санаторийларда имтиёзли даволаниши учун йўлланмалар бериш, одамнинг иммунитет танқислиги вируси мавжуд эмаслиги тўғрисидаги сертификатларни почта орқали олиш мумкин бўлди.
Шунингдек, ҳужжатларни легаллаштириш, судлар, таълим ва фан соҳаси ташкилотларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга апостол қўйиш, таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат дубликатини тақдим этиш, хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта, олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш, алмаштириш ва йўқолганлари ўрнига янгисини бериш, автотранспорт воситалари ва тиркамаларини рўйхатдан ўтказиш ёки транзит рўйхатдан ўтказиш, давлат рақами белгисини берилгани ҳақидаги ҳужжатлар ҳам мурожаатчининг хоҳишига кўра, почта хизмати орқали етказилмоқда.
Эндиликда 2022 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва беришни, шу жумладан давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширишни йўлга қўйилади. Мазкур янгиликлар Президентимизнинг жорий йил 24 июль куни имзолаган «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан белгиланди.
Мазкур фармонда келгуси йилдан бошлаб Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали 87 турдаги босқичма-босқич жорий этиладиган давлат хизматлари, жумладан, баҳоловчиларга тоифалар бериш, оилавий меҳмон уйларини ягона реестрига киритиш, спорт ҳакамларига малака тоифасини бериш, актуарий малака сертификатини бериш, алоҳида уй (уйнинг бир қисми) ёки квартирани хусусийлаштиришга берган шахслар тўғрисидаги маълумотнома бериш каби янги хизматлар давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилишини ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари, 2021 йил бошидан бошлаб 59 турдаги давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари қисқартирилмоқда. Хусусан, ҳозирги вақтда Фалсафа доктори (Doctor of Philosophy, PhD) илмий даражаси бўйича давлат намунасидаги дипломни бериш 20 кунни ташкил қилаётган бўлса, келаси йил 1 январдан бошлаб 1 иш кунини ташкил қилади. Профессор илмий унвони бўйича давлат намунасидаги аттестатни бериш эса 1 ойдан 1 иш кунига қисқартирилмоқда.
Шуни ҳам алоҳида қайд этиш жоизки, 1 ойдан 1 иш кунига қисқартирилаётган хизматлар ичида Доцент илмий унвони бўйича давлат намунасидаги аттестатни бериш, Катта илмий ходим илмий унвони бўйича давлат намунасидаги аттестатни бериш тартиблари борлиги мамлакатимизда илм-фан тараққиёти алоҳида эътибор берилаётганлидан далолатдир.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий масалалар бўйича бепул маслаҳат ва тушунтиришлар бериш, аҳолини фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг кундалик ҳаётини тартибга солувчи қонунчилик аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қабул қилиш ва зарур ҳолларда уларни тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг идоравий алоқа марказлари (ишонч телефонлари)га йўналтириш, давлат хизматларидан фойдаланишда кўп сўраладиган саволлар тўғрисида маълумот бериш, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатиш юзасидан аризаларни қабул қилиш ва мурожаат қилувчиларга онлайн-консультациялар ва тегишли тушунтиришлар бериш каби вазифа ҳамда функцияларни амалга оширувчи Давлат хизматлари агентлиги ҳузуридаги Ахборот хизматларини ривожлантириш маркази негизида Давлат хизматларини ривожлантириш илмий-амалий маркази ташкил этилди.
Мазкур фармон билан Марказга қўшимча 6 та вазифа юклатилди. Эндиликда Марказ аҳолининг турли ижтимоий қатламлари томонидан давлат хизматларидан фойдаланишда юзага келадиган муаммоларни аниқлаб, уларни илмий таҳлил қилиб бориш, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани Ўзбекистон Республикасига имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифаларни ҳам амалга оширади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур фармонда 2022 йил 1 январдан бошлаб кўрсатилиши учун ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўловлар миқдори камайтириладиган давлат хизматлари борлиги бу аҳолининг ва тадбиркорларнинг пулини тежашга хизмат қилади.
Ушбу давлат хизматлар рўйхатида хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олишга доир битимларга олдиндан розилик бериш БҲМнинг 10 бараваридан БҲМнинг
7 бараварига, Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига хорижга чиқиш учун биометрик паспорт бериш БҲМнинг 1,2 бараваридан БҲМнинг 1 бараварига, Тадбиркорлик субъектларига давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида янги намунадаги гувоҳнома бериш БҲМнинг 1 бараваридан БҲМнинг 20 фоизигача қисқараётганлиги ёки Ўзбекистон Республикасининг тегишли дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган герб бланкаси учун йиғим 5 АҚШ долларидан бепул бўлаётганлиги давлат хизматларини кўрсатиш муддатларининг узунлиги, улар бўйича тўловларнинг юқорилиги каби салбий ҳолатларга барҳам берилишига олиб келади.
Куни кеча «Давлат хизматлари кўрсатишнинг инфратузилмаси такомиллаштирилганлиги ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Ҳукумат қарори қабул қилинди. Қарор билан бир қатор давлат хизматлари кўрсатишдаги тўлов миқдорлари камайтирилди.
Жумладан, чет тилини билиш даражаси тўғрисида малака сертификатининг дубликати берилганлиги учун 2021 йил 1 декабрь кунидан бошлаб БҲМнинг 50 фоизидан БҲМнинг 10 фоизи миқдорида тўлов ундирилиши белгиланди.
Ушбу ўзгаришлар аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнида қўшимча енгилликлар яратади. Уларга қимматли вақт ва маблағини тежаб қолиш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қабул қилинган Қонун ҳужжатлари фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда ортиқча вақт йўқотиш каби оворагарчиликлар деярли барҳам топишига хизмат қилади. Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлигини ва самарадорлигини ижобий баҳоланишига сабаб бўлади.
Энг асосийси мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатишнинг мутлақо янги тизими жорий этилгани юртдошларимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишда, вақтини ҳам, нақдини ҳам тежашда муҳим аҳамият касб этади.
Шоҳрух МАМАТҚУЛОВ,
Давлат хизматлари агентлиги ҳузурида
Давлат хизматларини ривожлантириш илмий-амалий маркази
бош маслаҳатчиси