Аҳолига газ баллонлари тарқатилди
Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги Ғалаба маҳалласи аҳолисига маиший газ баллонлари тарқатилди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан “Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда эҳтиёжманд аҳоли қатлами иштирокини ошириш” лойиҳаси доирасида маҳалладаги эҳтиёжманд оилаларга умумий қиймати 90 миллион 420 минг сўмлик 165 дона маиший газ баллонларини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда лойиҳа ташкилотчилари, туман ҳокимлиги, газ таъминоти идораси вакиллари, маҳалла фаоллари иштирок этди. Айни кунда Ғалаба маҳалласидаги 740 хонадонда 3 минг 400 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллага табиий газ етиб келмаган, шу боис, аҳолига суюлтирилган газ етказиб берилади. Бироқ хонадонлар газ баллонлари билан етарли даражада таъминланмаган. Ўтган йили лойиҳа ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлардан сўнг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган лойиҳа маблағлари ҳисобидан маҳалланинг Ҳақиқат, Кунчибоқ, Дилкаш ва Дўстлик кўчаларида яшовчи эҳтиёжманд оилалар вакилларига газ баллонлари бериладиган бўлган эди. Газ баллонларини кимларга бериш масаласини аниқлашда бевосита маҳалла аҳолиси иштирок этди, уларнинг таклиф ва тавсияларидан келиб чиқиб, газ баллони олувчилар рўйхати шакллантирилди.
[gallery-6468]
Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ташкилотлари орқали COVID-19 пандемиясининг таъсирини камайтиришга кўмаклашиш доирасида қиймати 1 миллион евро бўлган дастурни амалга оширмоқда. Ушбу дастур асосида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг “Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда эҳтиёжманд аҳоли қатлами иштирокини ошириш” лойиҳаси учун 400 минг Еврога яқин миқдорда маблағ ажратилган. Лойиҳага кўра, Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг олтита олис туманлардаги 12 та маҳалланинг инфратузилмасини яхшилашга кўмаклашиш кўзда тутилган. Юртимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган бу каби лойиҳалар мавжуд муаммоларни бартараф этишга, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга ёрдам бермоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА