Андижон вилояти Бўстон туманида кам таъминланган оилаларга бепул жўжа тарқатилмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, хусусан, кам таъминланган оила вакиллари бандлигини таъминлаш, оилаларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бўстон тумани ҳокимлиги ташаббуси билан "Chikken house" масъулияти чекланган жамияти томонидан 12 минг бош жўжа олиб келиниб, ахолига бепул тарқатилганлиги ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.
Жўжалар тумандаги оғир ҳудудга кирувчи 14 та маҳалладаги 200 дан ортиқ оилага бепул тарқатилди. Бу келгусида ушбу оилаларнинг доимий даромад манбаини шакллантиришга хизмат қилади.
– “Аёллар дафтари”га киритилганман, – дейди тумандаги Меҳнатобод маҳалласи Равнақ кўчасида яшовчи Раънохон Тўланова. – Очиғи, кўрсатилган эътибор ва кўмакдан хурсандман. Шароитимиз оғирлиги ҳисобга олиниб, оиламизга 50 дона жўжа берилди. Энди уларни боқиб, даромад олиб, оиламиз бюджетини мустаҳкамлаб оламиз.
Туманда аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш шароитларини яхшилаш, оилаларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш борасидаги юқоридаги каби ишлар режа асосида олиб борилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА