Аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасида навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Қўмита очиқлигини таъминлаш юзасидан эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар кўламини кенгайтириш ва долзарблигини таъминлаш бўйича ОАВ вакиллари ва блогерларнинг таклифлари ҳамда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакилларининг ҳамкорлик қилиши бўйича тавсиялари тингланди.
Фуқаро У.Янгибоев мурожаатига асосан, “ЕUROAZIA MOTORS ” МЧЖ томонидан 185 миллион сўмлик “ONIX” русумли енгил автомобил носозлиги туфайли янгисига алмаштириб берилгани, мурожаат ижобий ечим топганлиги таъкидланди. Шунингдек, фуқаро Н.Туранова “Ўзагросуғурта” АЖ томонидан 14 миллион сўм пул маблағи қайтариб берилишида амалий ёрдам берган ҳудудий бошқармага ўз миннатдорчилигини билдирди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасига 2023 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 800 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларни ўрганиш ишлари натижасида 6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ фуқаролар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.
[gallery-16680]
–Ҳудудий бошқарма томонидан соҳалар бўйича монопол ташкилотлар ва табиий монополия субъектлари томонидан асоссиз олинган даромад бўйича 2023 йилда 11 та ҳолатда жами 7030 та истеъмолчидан салкам 4764 миллион сўм маблағ қонунбузилиш натижасида ортиқча олинганлиги аниқланди ва шундан 57 миллион 300 минг сўмини махсус ҳисоб рақамга ундириш ва 4706 миллион сўмдан ортиғи истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди, – дейди Жиззах вилоят рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Илҳом Маматқулов. – Давлат харидлари ва бошқа савдоларда рақобатни таъминлаш соҳасида вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан 2023 йил давомида давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган 8185 та танлов (тендер) савдоларида таҳлил ишлари олиб борилди. Таҳлил натижасида буюртмачилар томонидан 2400 та савдо жараёнида 2445 та рақобатга зид ҳаракатлар аниқланди. Аниқланган жами 2445 та қонунбузилиш ҳолатидан 2425 та ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ва 20 та ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан 19 та иш қўзғатилиб, барчасига тегишли бажарилиши мажбурий кўрсатмалар берилди ва 7 та мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Қонун ҳужжатлари ва давлат органлари қарорларининг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш бўйича ҳудудий бошқарма томонидан 2023 йил мобайнида жами 20 та, шундан 13 та шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда 7 та маҳаллий давлат бошқаруви органларида Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни талаблари ижроси юзасидан “еx-post” усулида ўрганиш ўтказилди.
“Рақобат тўғрисида”ги қонуни талаблари бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган жами 120 та ҳужжат бекор қилинган ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилган.
Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўйича ҳудудий бошқармага 2023 йил давомида 768 та мурожаат, шундан 722 таси жисмоний, 46 таси юридик шахслардан келиб тушган.
Жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатлардан 509 таси тўлиқ қаноатлантирилган, 108 тасига тушунтириш берилиб, ижобий ҳал этилган, 87 таси тегишлилиги бўйича мутасадди идораларга юборилган, 18 та мурожаат эса кўриб чиқилмоқда.
Эркин ва очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда қўмита ва ҳудудий бошқармалар фаолияти очиқлигини таъминлаш юзасидан эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар кўламини кенгайтириш ва долзарблигини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари