Юртимизда ишсиз аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини 30 йил муддатга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ижарага бериш тартиби жорий қилинди.
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида ҳам бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилган. Мақсад аҳоли бандлигини таъминлаш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини оширишдир. Ҳисоб-китобларга кўра, туманда паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган ерлардан аҳолига ўтган 2022 йилда 390 гектар ер майдони ажратиб берилди. Жорий йилда ҳам 880 гектар экин майдонлари учун 4 минг 580 нафардан ортиқ фуқаролардан аризалар қабул қилинди. Шу кунга қадар 820 гектардан зиёд майдон “э-аукцион” дастури орқали 3 минг 250 нафардан зиёд фуқаролар томонидан очиқ танловда ютиб олинди.
Эндиликда танловларда ғолиб бўлган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” га киритилган оилалар, миграциядан қайтган ҳамда алоҳида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар бу ерларда деҳқон хўжалиги юритиш имконига эга бўлди. Тумандаги кўплаб масканларда эса “Бир ҳудуд – бир маҳсулот”, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида тупроқ иқлим шароити, фуқароларнинг деҳқончилик маданиятидан, шунингдек, ички истеъмол бозорларида аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалик экинлари етиштирилмоқда.
“Оқмачит” маҳалласида ҳам “дафтар”лар рўйхатига киритилган, миграциядан қайтган ҳамда эҳтиёжманд ишсиз фуқаролардан 13 нафари маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида 15 сотихдан, жами 1,95 гектар ер майдонига эга бўлди. Бундай эътибор ва имкониятдан унумли фойдаланган оқмачитликлар эрта баҳорданоқ яхши ниятда ерга кўчат ва уруғ қадаб, бугун муносиб даромадга эришмоқда. Дала майдонига экилган помидор, булғор қалампири, ловия, маккажўхори, сабзи, картошка, ошқовоқ ва ерёнғоқ каби маҳсулотлар бугун мўл ҳосил туйган.
– Ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан аукционда қатнашиб, маҳалламиздаги мана шу унумдор ердан 15 сотихини деҳқончилик қилиш учун узоқ муддатга ютиб олдим. Баҳорнинг 31 март кунида помидорнинг серҳосил навини плёнка остида эккандим. Шу кунгача 2 марта ҳосил олдим. Мавсум бошида килограммини 3 минг 500 сўмдан сотдик. Ҳар 3-4 кунда 2 тоннагача помидор узяпмиз. Ҳозиргача эришган даромадимиз 20 миллион сўмдан ошди. Шукр, ҳали ҳосил мўл, даромадни 40 миллион сўмдан оширишни режалаштирганмиз. Яна бир қулай томони, маҳсулотни харидорлар еримизни бошида савдо қилиб олиб кетяпти, –дейди “Ёшлар дафтари” рўйхатидаги 28 ёшли Муҳаммадали Эҳсонов.
М.Сулаймонов,
ЎзА