23 сентябрь куни “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2024 йилнинг қолган даврида 500 минг, 2025 йилда 1 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг ҳамда барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.
Камбағалликни қисқартириш соҳасида эришилган ижобий натижалар ва тўпланган миллий тажриба ҳамда илғор халқаро амалиёт асосида ҳар бир фуқарони ўзи ва фарзандлари келажаги учун масъулият билан ёндашишга ундайдиган ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имконият яратишга қаратилган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилади ҳамда дастурини амалга ошириш бўйича республика комиссияси ташкил этилади.
Дастур 2024 йил 1 ноябрдан қуйидагиларни назарда тутувчи “Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият” тамойили асосида амалга оширилади:
— барқарор бандлик ва юқори даромад топишга эришиш;
— таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш;
— кафолатланган давлат тиббий хизматидан фойдаланиш;
— ижтимоий хизматлардан фойдаланиш;
— яшаш шароитларини яхшилаш;
— давлат томонидан маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш;
— давлат органлари ходимлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш.
Фармонга мувофиқ, 2024 йил 1 декабрдан “маҳалла еттилиги” томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароити ва камбағалликка тушиш сабабларини ўрганиш натижасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилади.
2025 йил 1 январдан:
— кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам олаётган оилаларнинг расмий банд бўлмаган аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганда ушбу нафақа ва моддий ёрдамни уларнинг муддати тугагунга қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўлаш давом эттирилади;
— меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1 фоиз ставкада тўланади;
— камбағал оилаларга кўмак чоралари ижтимоий шартнома асосида меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқасидан самарали фойдаланиш (экин экиш), оила аъзолари, шу жумладан, фарзандларининг билим олиши, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши ҳамда соғлиғини назоратга олиши, уй-жойини озода тутиши каби шартлар инобатга олинган ҳолда кўрсатилади.
ЎзА