Аҳоли саломатлиги энг муҳим омил
Сирдарё вилоятида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган "Саломатлик сайллари" ойлиги доирасида соғломлаштириш тадбирлари ўтказилмоқда.
Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада ташкил этилган тадбирда Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий маркази раҳбари, профессор Наргиза Парпиева бошчилигидаги республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг малакали ва етакчи мутахассислари ижтимоий ҳимояга муҳтож, сурункали касаллиги бор беморлар муаммоларини ўрганди.

"Саломатлик сайиллари" ойлиги доирасида ташкил этилган тиббий кўрик жараёнида 1-18 ёшгача бўлган болалар, 18-40 ёшгача бўлган фуқаролар, 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган фертил ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 2 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларда гельминтоз, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар онкогематологик, 40 ва ундан катта ёшдаги фуқаролар юқумли бўлмаган, 35 ёшдан катта аёлларда онкологик касалликларни эрта босқичларда аниқлаш ва уларга профилактик ёрдам кўрсатиш мақсадида скрининг кўриклар ташкил этилди.

Гулистонда ташкил этилган тиббий кўрик, скрининг тадбирларига шаҳар ҳудудида истиқомат қилаётган 1351 нафар аҳоли вакиллари иштирок этиб, уларнинг 1011 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. Ва натижада 340 нафар фуқарода касалликларнинг турли белгилари аниқланиб, 282 нафарига амбулатор шароитда даволаниш учун оила шифокорларига йўналтирилди. 46 нафар фуқарога вилоят ва шаҳар миқёсидаги даволаш профилактика муассасаларида стационар шароитда даволаниш учун тавсиялар берилди. 12 нафар фуқарода республика ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларининг малакали ва етакчи ходимлари сирдарёлик жарроҳлар иштирокида маҳорат дарси асосида мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун чора-тадбирлар режаси тузилди.

Шу билан бирга, бетоблиги ва ногиронлиги сабаб уйда ётиб қолган 4 нафар фуқаро учун хонадон кўриклари ташкил этилди. Ижтимоий аҳволи оғир, ёрдам талаб инсонларга тиббиёт бирлашмаси ҳамда "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармасининг Сирдарё вилояти бўлими томонидан дори-дармон, кўзойнак, ва сарфлов материаллари бепул тақдим этилди.

Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси аҳолини соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жисмоний фаоллигини қўллаб-қувватлаш бўлими, унинг шаҳар бўлинмаси ходимлари томонидан инсон саломатлигига салбий таъсир этувчи омиллар хусусида тарғибот тадбири ҳам ташкил этилиб, юқумли бўлмаган касалликлар сабаб соғлиғида муаммоси бор фуқароларга тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Шуҳрат СУЯРОВ,
ЎзА