Бугунги кунда жамоат саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва барқарор санитария-эпидемиологик муҳитни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Зеро, аҳоли саломатлиги нафақат инсоннинг тенгсиз бойлиги, балки мамлакат тараққиёти ва ижтимоий барқарорликнинг асосий кўрсаткичидир. Шу боис профилактика тадбирларини кучайтириш, санитария назоратини самарали ташкил этиш ҳамда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Сирдарё вилоятида 2025 йил давомида амалга оширилган чора-тадбирлар ҳудудда санитария-эпидемиологик вазиятнинг барқарор сақланишида муҳим омил бўлди. Хусусан, профилактик эмлаш тадбирларининг кенг қамровда амалга оширилиши юқумли касалликларнинг олдини олишда сезиларли натижалар берди.
– Йил давомида республикадан марказлашган тартибда вилоятга 104 600 доза ОПВ, 30 000 доза БЦЖ, 24 000 доза ВГВ, 27 000 доза АКДС, 51 030 доза АДС-М, 59 000 доза пентавалент, 47 240 доза КПК, 51 600 доза ротавирус, 39 200 доза ИПВ ва 12 480 доза ВПЧ вакцинаси тақсимланди. Эпидемик кўрсатмалар асосида қўшимча равишда 18 000 доза қизамиқ вакцинаси, 6 000 доза қоқшол анатоксини, 7 805 доза антирабик вакцина, 1 687,5 мл антирабик иммуноглобулин ҳамда 28 800 доза Pfizer вакцинаси даволаш-профилактика муассасаларига етказилди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ҳасанов.

Натижада эмлаш қамрови юқори даражада таъминланди. Хусусан, 1 ёшгача бўлган болалар орасида эмлаш қамрови 99,3 фоизни, 2 ёшгача бўлган болалар ўртасида 99,2 фоизни, 2 ёшдан катталар орасида эса 99 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, 37 068 нафар бола полиомиелитга, 38 064 нафар бола эса қизамиқ ва қизилча касалликларига қарши эмланди. Мутахассислар таъкидлашича, юқори даражада ташкил этилган профилактик эмлаш тадбирлари юқумли касалликларнинг тарқалишининг олдини олишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу борадаги самарадорликни 2025 йилда вилоятда шол, қоқшол, бўғма, кўкйўтал, қизилча ва эпидемик паротит каби касалликлар қайд этилмагани ҳам тасдиқлайди.

Санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлашда аҳоли ўртасида профилактика ва тарғибот ишларини кучайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, касалликларнинг олдини олиш нафақат тиббиёт муассасалари масъулияти, балки ҳар бир фуқаронинг санитария қоидаларига риоя қилишига ҳам боғлиқ.
Шу мақсадда йил давомида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилди. Жумладан, 7 марта газеталарда материаллар чоп этилди, ижтимоий тармоқларда 262 та тарғибот материали жойлаштирилди. Шунингдек, 143 та семинар ва 249 та лекция ташкил этилди, уларда жами 6 676 нафар фуқаро иштирок этди. Бундан ташқари, аҳоли ўртасида 19 525 та профилактик суҳбат ўтказилиб, 43 650 нафар фуқаро қамраб олинди. Бу тадбирлар аҳолининг соғлом турмуш тарзига амал қилиши, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиши ҳамда касалликларнинг олдини олиш бўйича хабардорлигини оширишга хизмат қилди.

Юқумли касалликлар ўчоқларида дезинфекция тадбирлари ҳам ўз вақтида амалга оширилди. Жами 3 964 та дезинфекция буюртмаси қабул қилиниб, уларнинг барчаси бажарилди, 99,7 фоизи белгиланган муддатларда амалга оширилди. Самарадорликни баҳолаш мақсадида 15 328 та суртма олинди, уларнинг 10 фоизи санитария талабларига жавоб бермади. Дезинфекция воситаларидаги хлор фаоллигини текшириш учун 2 225 та намуна олинди ва уларнинг 50 тасида меъёрдан паст кўрсаткич аниқланди. Санитария қоидаларини бузган 76 нафар ходимга 170,2 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланди.
– Бундан ташқари, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Мактабгача таълим муассасаларида 1 431 та текширув ўтказилиб, 466 нафар ходимга 947,9 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима белгиланди. Умумтаълим мактабларида 391 та текширув натижасида 219 нафар ходимга 417,1 миллион сўм жарима қўлланди. Шунингдек, 625 та оилавий мактабгача таълим муассасаси ва 21 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги муассаса текширилди. 137 та муассасанинг фаолияти вақтинча тўхтатилди, 492 та ҳолат бўйича материаллар суд органларига юборилди, — дейди Жўрабек Ҳасанов.

Озиқ-овқат хавфсизлиги ҳам аҳоли саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Вилоятда 2 063 та озиқ-овқат объекти фаолият юритади: 211 та ишлаб чиқариш корхонаси, 517 та умумий овқатланиш корхонаси ва 1 335 та савдо объектлари. Йил давомида 118 та объектда текширув ўтказилиб, 55 та объект фаолияти вақтинча тўхтатилди, 63 та ҳолат бўйича материаллар суд органларига юборилди. Шунингдек, 8 107,2 килограмм сифатсиз озиқ-овқат маҳсулоти истеъмолдан чиқарилди. Муҳими, 2025 йилда овқатдан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилмаган.
Санитария-гигиена лабораториялари томонидан 7 639 та озиқ-овқат, 4 283 та ичимлик суви, 963 та очиқ сув ҳавзаси ва 2 311 та атмосфера ҳавоси намуналари текширилди. Ичимлик суви намуналарининг 3,8 фоизи санитария талабларига жавоб бермади.
Мутахассислар таъкидлашича, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш нафақат тиббиёт тизими, балки аҳоли, ташкилот ва муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлигини ҳам талаб этади.
Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар, санитария назорати ва тарғибот ишлари аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда ҳудудда барқарор эпидемиологик муҳитни сақлашга хизмат қилмоқда. Бу эса келгусида ҳам барқарор эпидемиологик вазиятни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири