Аҳоли саломатлиги доимий эътиборда
Ижтимоий ҳимояга муҳтож, “камбағаллик реестри”га киритилган аҳоли орасида касалликларни барвақт аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган “Соғломлаштириш ойлиги” Наманган вилоятида ҳам изчил тарзда амалга оширилмоқда.
Жумладан, Давлатобод тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли соғлиқни сақлаш масканлари ходимлари ойлик доирасида уйма-уй юриб, одамларни соғлом ҳаёт сари ундамоқда. Айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида, маҳаллалар гузарларида, беморлар хонадонларида соғломлаштириш тадбирлари давом этмоқда.

Наргиза Турсунова бошчилигидаги 8-сон оила поликлиника мутахассислари Юқори Ровустон маҳалласи бўйлаб тарғибот тадбирлари жараёнида анчадан бери инсультдан азият чекаётган Насибахон Мамадалиева хонадонида ҳам бўлди.

Онахон тиббий кўрикдан ўтказилгач, унда ЭКГ ва УЗИ текширувлари ҳам олиб борилди. Шифокорлар томонидан онахонни соғломлаштириш мақсадида туман марказий шифохонасида имтиёзли даволаш чораси кўрилди.
Поликлиника жойлашган ҳудудда 315 нафар кам таъминланганлар истиқомат қилади. Хайрли акция доирасида улар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Касаллиги аниқланган фуқаролар саломатлигини тиклаш чоралари кўрилмоқда.

“Соғломлаштириш ойлиги” давомида Давлатобод туманида 53 мингдан ортиқ эҳтиёжманд инсонлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб этилади. Шунинг баробарида, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш мақсадида қатор тадбирлар уюштирилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА