Бугун Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Кибермаконда содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ҳафталиги” доирасида кенг қамровли тадбир ташкил этилди.
Унда Ички ишлар вазирлиги, “Ягона умумреспублика процессинг маркази” АЖ, UZCARD компанияси мутахассислари, банк ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, аҳолини интернет оламида ҳар қандай таҳдид ва фирибгарликлардан огоҳ этиш ҳамда уларнинг бу борадаги билим ва кўникмасини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланмоқда.
Тадбир иштирокчилари киберхавфсизлик, аҳолини рақамли макондаги хавф-хатарлардан огоҳлантириш ва жамиятда молиявий саводхонликни ошириш борасидаги устувор вазифалар хусусида атрофлича фикр алмашди. Айниқса, интернет ва мобиль алоқалар орқали амалга оширилаётган замонавий фирибгарлик усулларининг салбий жиҳатлари ҳақида кенг қамровли маълумотлар берилди.

Тадбирда Марказий банкнинг етакчи мутахассиси Фаёз Баҳодиров кибер таҳдидларни мониторинг қилиш, заифликларни аниқлаш ва фирибгарликларга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
- Интернет оламидаги таҳдидлар ҳар куни ўзгармоқда. Биз, Марказий банк мутахассислари, киберҳужумларни мунтазам мониторинг қилиб борамиз, тизимдаги заиф нуқталарни аниқлашга ҳаракат қиламиз. Лекин қанчалик тизимни мустаҳкамласак-да, фуқароларимиз алданса, уларга ёрдам бериш мушкуллашади. Шу боис, биз тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича доимий семинарлар, медиа чиқишлар ва онлайн ўқувлар ташкил этилмоқда,- деди у.
UZCARD компанияси шубҳали операцияларни аниқлаш бўлими бошлиғи Нигора Азизхўжаева эса тадбирда “Пластик карталар орқали амалга ошириладиган фирибгарликлар ва уларга қарши курашиш усуллари” мавзусида тақдимот қилди.
- Фирибгарлар ҳар куни янги схема ўйлаб топмоқда. Улар қалбаки рақамлардан қўнғироқ қилиб, ўзини банк ходими сифатида таништирмоқда ёки QR-кодлар орқали шахсий маълумотларни қўлга киритмоқда. Агар бунга вақтида чора кўрилмаса, бу нафақат банк тизимига, балки фуқароларнинг ишончини йўқотишга олиб келади. Биз бугунги тадбирда иштирокчиларга реал мисоллар асосида фирибгарлик турлари ва уларга қарши курашиш механизмларини тушунтирдик.
Киберфирибгарликка қарши самарали кураш олиб бориш учун фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳаракати етарли эмас. Бунда жамиятда рақамли маданиятни шакллантириш, одамларнинг шахсий маълумотлари, молиявий ресурслари ва электрон қурилмаларига нисбатан масъулиятли муносабатда бўлишини таъминлаш ҳам муҳим ҳисобланади, -деди Н. Азизхўжаева.
Айтиш жоизки, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, нодавлат ташкилотлар ва банклар ҳамкорлигида ташкил этилаётган бундай тарғибот тадбирлари фуқароларнинг киберхавфсизлик соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА