Аҳоли мурожаатлари – мутасаддилар эътиборида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхоналарига жорий йилнинг биринчи чорагида 31842 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисабатан 5804 тага камайган.
Давлат органлари ва мансабдорларга мурожаат қилиш – фуқаронинг конституцион ҳуқуқи. Лекин у ҳамма вақт ҳам бирор идора эшигини қоқиб бормайди. Қачонки бирор масаласи ҳал бўлмаса, ҳақ-ҳуқуқидан фойдалана олмаса ёки ноҳақликка дуч келса, мутасадди идора ёки раҳбарга мурожаат қилади. Ана шундай вазиятда уни эшитишса, муаммоси ҳал этилса, давлатга ҳам, амалдорларга ҳам ишончи ортади.
Кейинги йилларда юртимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимининг ўзгариши, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойил ҳаётга татбиқ этилиши аҳолининг бошқарув органларига, раҳбарларга ишончи ортишига хизмат қилмоқда.
– Самарқандликларнинг биринчи чоракда давлатдан нажот кутиб қилган мурожаатлари таҳлил қилинганда энг кўп кўтарилган масалалар электр энергияси (3324 та) ва газ таъминоти (2759 та), суд қарорларини ижро этиш, алимент ва қарз ундириш (2851 та), давлат пенсия таъминоти ва ижтимоий ҳимоя (2883 та), жиноят ва ҳуқуқбузарликлар (2152 та), моддий ёрдам ва ҳомийлик (1497 та) масалалари билан боғлиқ бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Маматжон Турдиев. – Аҳоли сонига нисбатан Пахтачи ва Пайариқ туманларида мурожаатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошган. Мурожаатларни қаноатлантириш даражаси қарийб 71 фозни ташкил этмоқда, яъни 17900 га яқин масала ҳал этилди.

Мисол учун, Самарқанд шаҳар Дўстлик маҳалласида яшовчи О.Жўраеванинг ичимлик суви тортиш ҳақидаги, Чашма маҳалласидан Б.Мўминованинг ногиронлик аравачаси олишда амалий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги мурожаати жойига чиқган ҳолда ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.
“Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Темир дафтар”да рўйхатда турган 12 нафар кам таъминланган, ногиронлиги бор фуқаронинг даволаниши учун моддий ёрдам кўрсатилди, 47 нафар фуқарога 1 миллион 200 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам берилди. 28 нафар фуқарога 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
“Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 2 нафар талабанинг олий ўқув юртларидаги тўлов шартнома пули тўлаб берилди, 2 нафарининг бандлигини таъминлаш мақсадида асбоб-ускуна ажратилди. Бу каби ишлар барча туман ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари томонидан амалга ошириб келинмоқда. Халқ билан мулоқот тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли учун долзарб бўлган муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида вазирлик, идоралар, секторлар, шаҳар ва туманлардаги барча даражадаги ташкилотлар раҳбарлари томонидан оммавий сайёр қабуллар ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Йилнинг биринчи чораги давомида вилоят бўйича 741 маротаба ўтказилган шундай оммавий қабулларда 7200 нафардан фуқаронинг 7514 та масала бўйича мурожаати эшитилди. Бу мурожаатларнинг 3171 таси ижобий ҳал этилган. 1794 та мурожаат қўшимча ўрганиш талаб этилганлиги сабабли назоратга олинган.
Жумладан, Қўшработ тумани 3-сектор раҳбарининг Қовунчи маҳалласида ўтказган сайёр қабулида фуқаро Х.Қулматованинг электр симёғочларни алмаштириш ва тармоқни янгилаб беришга доир масаласи туман электр тармоқлари корхонаси томонидан қисқа фурсатда ижобий ҳал этилди.
– Аҳолининг мурожаатлари асосида ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги, халқ қабулхоналари, секторлар ва ҳомийлар ёрдамида 53 та хонадон янгидан қуриб берилди, 1706 та хонадон таъмирланди, 572 та хонадонга қурилиш материаллари ажратилди, – дея сўзида давом этади М.Турдиев. – Бунинг учун маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари ҳисобидан 5,5 миллиард сўм ва ҳомийлар ёрдамида 19,7 млиллиард сўм маблағ сарфланди. 1229 тасида ишлар давом эттирилмоқда. Бундан ташқари, даволаниш ва жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурати бўлган кам таъминланган 158 нафар фуқаро учун маҳаллий бюджетдан 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 26 та эндопротезлаш, 11 та юрак операцияси, 7 та кўз операцияси, 1 нафар фуқарода буйрак кўчириш операцияси ва 113 та турли даражадаги тиббий амалиётлар бажарилди. Ҳозирда яна 304 нафар беморнинг саломатлигини тиклаш учун маблағ ажратиш чоралари кўрилмоқда.
Шу йилнинг февраль ойида Иштихон туманида “Оққўрғон” тажрибаси асосида аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида 62 маҳаллада кенг кўламли ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Қишлоқлар инфратузилмаси яхшиланиб, кўплаб муаммоларга ечим топилди. Иштихон намунаси бўйича бу каби ишлар вилоятдаги 172 та маҳаллада давом этмоқда.
Бугунги кунда Халқ қабулхоналари томонидан секторлар ва ташкилотлар раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари фаолияти, ҳудудда мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ахборот киритиб бориш амалиёти йўлга қўйилган. Йилнинг дастлабки чорагида 29 та шундай ахборотлар киритилиб, 24 нафар раҳбарнинг ҳисоботлари эшитилган. Шунингдек, секторлар ва давлат ташкилотларнинг аҳоли муаммолари билан ишлаш фаолияти бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган 62 та тақдимнома ва 69 та таклифлар киритилган. Ушбу ҳужжатлар асосида аҳоли мурожаатларига эътиборсиз қараган 94 нафар ходимга интизомий чора кўрилган.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА