Аҳоли мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда
Хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилаларни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Бухорога келган Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Мукаррам Нурматова Ромитан туманида сайёр қабул ўтказди.
Қабулда вилоят ҳокими ўринбосари Фируза Ибрагимова, туман Халқ қабулхонаси мудири Ғани Муяссаров, тумандаги секторлар раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, вилоят ҳамда тумандаги масъул корхона, ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Сайёр қабулда хотин-қизларнинг уй-жой таъмири, бандлигини таъминлаш, олий таълим контракти, тиббий ёрдам, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, субсидия ажратиш ва оила-турмуш масаласидаги низолари юзасидан мурожаатлари тингланди ҳамда зарурий чора-тадбирлар белгиланиб, назоратга олинди.


– Қабулда 62 нафар фуқаролар ўз муаммолари ва масалалари юзасидан мурожаат қилди. Шундан 13 нафар фуқаро Бухоро шаҳридаги “Аrtel” компанияси корхонасига ишга жойлаштирилди, – дейди туман Халқ қабулхонаси мудири Ғани Муяссаров. – Икки нафар фуқаронинг уй-жойи “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан таъмирлаб бериладиган бўлди. Бир нафар фуқарога ногиронлик тайинланади. Уч нафар фуқарога даволаниш учун ордер берилди. Етти нафар фуқарога эса имтиёзли кредит ажратиш учун ҳоким ёрдамчилари томонидан тавсиялар берилди. Шунингдек, ногиронлиги мавжуд олти нафар фуқарога реабилитация воситалари берилди ҳамда тўрт нафар “Аёллар дафтари”га киритилган хотин қизларга Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш маркази томонидан субсидия асосида тикув машиналари, имтиёзли кредит асосида икки нафар фуқарога мотокултиватор ускунаси берилди.

Сайёр қабул давомида Ёш келин-куёвларни ўқитиш марказида таҳсил олаётган 13 нафар жуфтлик билан “Муқаддас оила” мавзусида семинар- тренинглар ўтказилди. Ўқувни тугатган бўлғуси оила вакилларига сертификатлар топширилди. Шунингдек, ажрим масаласи ариза берган бешта оила билан яраштириш ишлари олиб бориш натижасида учта оилани яраштиришга эришилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.