Аҳоли мурожаати ижобий ечим топди
Фуқароларнинг мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириш ва уларни амалий ечимга айлантириш маҳаллаларда яшаш шароитини яхшилашнинг муҳим омилидир. Сирдаё вилоятинингСайхунобод туманидаги Янги Ҳаёт маҳалласида амалга оширилган навбатдаги ободонлаштириш ишлари ҳам ана шу тамойилнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Маҳалла аҳолисининг мурожаати асосида Кўктерак кўчасида вақт ўтиши билан фойдаланишдан чиқиб, деярли йўқолиб кетган 250 метр узунликдаги йўл қайта тикланиб, шағаллаштирилди. Энди ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли, айниқса, болалар учун таълим муассасаларига бориш анча қулай ва хавфсиз бўлди.

Мазкур ишлар Сайхунобод тумани Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан фуқаролар мурожаатлари ва маҳалла эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида Аланга кўчасининг 100 метр ва Баёт кўчасининг 80 метр тупроқ йўллари ҳам шағаллаштирилиб, транспорт воситалари ҳамда пиёдалар ҳаракати учун янада қулай ҳолатга келтирилди.

Эътиборлиси, Кўктерак кўчасидаги йўлнинг қайта тикланиши маҳалла аҳолиси учун катта енгиллик яратди. Илгари бу ҳудудда яшовчи болалар мактаб ва мактабгача таълим ташкилотига етиб бориш учун қарийб 1,5 километр масофани айланиб ўтишга мажбур бўлар эди. Янги йўл очилиши натижасида эса уларнинг қатнов масофаси 500 метрга қисқарди. Бу вақт тежалиши билан бирга, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этди.

— Илгари бу йўл деярли йўқолиб кетгани учун айланма йўлдан ҳаракатланишга мажбур эдик. Бу вақт ва ёқилғи сарфини оширарди. Энди эса йўл қайта тиклангач, ҳаракат анча енгиллашди. Энг муҳими, фарзандларимиз мактаб ва боғчага яқинроқ ҳамда хавфсиз йўл орқали қатнайдиган бўлди. Бу каби амалий ишлар аҳоли манфаатига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир, — дейди ҳайдовчи Барот Маматов.

Маҳаллада амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар фуқаролар турмуш сифатини яхшилаш, ички йўллар инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳоли учун янада қулай яшаш муҳитини яратишга қаратилган изчил ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Энг муҳими, ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмаётгани аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири