Қайсидир сабабларга кўра яшаш жойинг, хонадонинг ҳужжатлари мукаммал бўлмаса ёки сен тадбиркорлик қилаётган бинонинг кадастр ҳужжатлари чала бўлса, ҳаловатинг бўлмайди. Ахир, қачон бўлмасин, ҳужжатлар “гапиради-да”. Юртимизда эса бундай муаммога дуч келганлар талайгина.
Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида Давлат кадастрлари палатаси раисининг биринчи ўринбосари иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди.
Сайёр қабул давомида кадастр фаолиятига тегишли масалалар билан мурожаат қилган фуқаролар қабул қилиниб, кўтарилган масалаларни ҳал қилишга яқиндан ёрдам берилди. Муддат талаб қиладиган масалалар тегишли мутахассислар иштирокида жойида ўрганишга чиқарилди.
Бувайда туманидан Жасур Маҳкамов кадастр паспортини расмийлаштириб, Давлат рўйхатидан ўтказишда муаммога учраб, анча вақтдан буён овора бўлаётганини баён этди. Мурожаат мутасаддилар назоратига олиниб, унга шу жойнинг ўзида ижобий ечим топилди.
– Кадастр масалалари бўйича сайёр қабул бўлаётганини эшитиб келгандим. Кадастр идораси вакилларига раҳмат айтаман. Мени қийнаб келаётган масала шу жойнинг ўзида ҳал бўлди, – дейди мурожаатчи Жасур Маҳкамов.
Маълумот ўрнида, мазкур қабул давомида 30 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. 13 дан ортиқ мурожаат ўз ечимини топган бўлса, 17 тасининг ижроси назоратга олинди.
М.Сулаймонов,
ЎзА