Аҳоли бандлигини таъминлаш – муҳим вазифа
Сирдарё вилояти Боёвут тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан вақтинча ишсиз бўлган фуқаролар ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашга мажбур бўлган аҳоли қатлами бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, жорий йил ўтган даври мобайнида ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида 1 нафар фуқарога иссиқхона қуриб берилган бўлса, 42 кишига турли хил мевали кўчатлар субсидия асосида берилди. Ундан ташқари 20 нафар фуқарога тадбиркорлигини бошлаши учун рўйхатдан ўтказиш тўловлари тўлаб берилди.

Шунингдек, ҳудудда “Ишга марҳамат” меҳнат ярмаркалари мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
— 39 та маҳалладаги ишсиз фуқаролардан 300 дан ортиғи жамоат ишларига жалб қилинган бўлса, ўқув масканлари ва устоз-шогирд йўналишида 180 нафар фуқаро касбга қайта тайёрланди, – дейди туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Шавкат Жўраев. — Пилот лойиҳаси асосида 8 нафар ишсиз фуқаро Россия давлатига танлов асосида ишлаш учун юборилди.

Бандлик соҳасида бу каби амалга оширилаётган ишлар аҳоли бандлигини таъминлаш, реал даромадларини ошириш, пировардида ҳаёт даражасини юксалтиришга мустаҳкам пойдевор яратади.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА