Аҳоли бандлиги ошса даромад ҳам ошади
Қарор ва ижро
Пискент тумани аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар ҳамда йирик инвестициявий лойиҳалар билан яқиндан танишиш мақсадида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ўтказилди.
Мутахассислар томонидан ҳудудда “Камбағалликдан – фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳақида журналистларга маълумот берилди. Шундан сўнг мазкур ҳудудда ташкил этилган меҳнат ярмаркаси жараёнлари кўрсатилди.
Бу каби саъй-ҳаракатлар мунтазам равишда камбағал оилалардаги ишсизларни, меҳнат миграциясидан қайтганлар, алимент тўловчилар, жазони ижро этиш муассасасидан қайтганлар, пробация рўйхатидагилар ва ҳудуддаги банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда. Унда тумандаги 42 та корхона ва ташкилотлар ўзларида мавжуд 353 га яқин бўш иш ўринлари билан қатнашди.
– Ярмаркада оилавий тадбиркор сифатида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан қатнашяпмиз, – дейди Янгиобод маҳалласида яшовчи, “Шукрона Санобар она” оилавий корхона раҳбари Санобар Шоакбарова. – Айни вақтда корхонада 4 нафар ишчи фаолият юритади. Кузатувлар шуни кўрсатадики, ишга талабгорларнинг кўпини ёшлар ташкил этади. Тадбиркорлик қилиш истагидаги ёшларга ўз маслаҳатларимни бериб келаман.
Ярмаркада иштирок этган 62 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди ҳамда 31 нафарига бандлик ва меҳнат қонунчилигига оид турли маслаҳатлар берилди. Масалан, миграциядан қайтиб келган пискентлик Шоҳруҳ Нуржавов туман масъулларига тадбиркорлик қилиш истагида 50 миллион сўм кредит олиш истагини билдирди. Унга тижорат банки ҳудудий филиали томонидан томорқа ва чорвачилик йўналиши учун маблағ ажратиладиган бўлди.
Пресс-тур иштирокчилари Файзобод маҳалласидаги Қашқадарё қишлоғида бўлди. Бу ердаги аҳоли томонидан ўрдакчилик йўлга қўйилган. Президентимизнинг 2024 йил 27 июндаги “Паррандачилик соҳасини янада қўллаб-қувватлаш, замонавий генетик технологиялар ва кооперация тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бу йил жойларда аҳолига тендер асосида зовур ёқаларини бўлиб бериш, ўрдак парваришлаш оммалашди.
– Олдингдан ўтган сувни қадри йўқ деганлари рост экан. Илгарилари ҳам ҳудудимиздан ўтган коллектордан унумли фойдаланишни ўйлаганмиз. Бироқ имкон бўлмаган. Вилоят ҳокими ташаббуси билан ўрдакхона ташкил этиш таклифи берилди. Қолаверса, атрофини ўраш, шароит яратиш учун тижорат банки томонидан кредит ажратилди. Оиламиз 100 та ўрдак боқяпмиз. Бу ташаббусни яна бир қулай томони ўрдаклар зовурни доимо тозалаб туради, — дейди шу қишлоқда яшовчи Қўзибой ака Тошқулов.
Шунингдек, ушбу қишлоқда жойлашган 403 та хонадоннинг томорқаларини суғоришдаги муаммоларини бартараф этиш мақсадида “Камбағалликдан – фаровонлик сари” дастури доирасида 2,5 миллиардлик 2 та сув насос станцияси қурилиб, айни пайтда 1 таси ишга туширилган. Натижада аҳоли томонидан картошка етиштириш анча яхшиланди.
Пресс-тур давомида иштирокчилар кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи қўшма корхонада бўлди. Гулистон маҳалласида Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигида қурилган, қиймати 30 миллион долларни ташкил этувчи ушбу корхонада йилига 10 минг тонна кремний асосидаги пигмент ишлаб чиқарилади. Мутахассисларнинг айтишича, бу маҳсулот тўлиқ хорижга экспорт қилинади ва йилига 15 миллион доллар миқдорида даромад келтиради. Ҳозиргача лойиҳа учун 20 миллион доллар сармоя киритилган ва корхона расман ишлаб чиқаришни бошлаган. Шу даврда маҳаллий аҳолининг 200 нафари иш билан таъминланган.
[gallery-22791]
– Корхонамизнинг кейинги босқичларида жами тўрт хил маҳсулот ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Маҳсулотлар орасида кир ювиш кукуни қўшимчаси йилига 5 минг тонна, натрий силикат маҳсулоти эса, 20 минг тонна ишлаб чиқарилади. Бу лойиҳа нафақат иқтисодий ривожланишга катта ҳисса қўшади, балки маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратади ва янги технологияларни жорий этиш орқали саноатни замонавийлаштиришга хизмат қилади, – дейди “ZHONGʻTIAN SILICON CHEMICAL” масъулияти чекланган жамият директор ўринбосари Абдураҳмон Турғунбоев.
Пресс-тур якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.