Сўнги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий жиҳатдан ривожланишнинг янги босқичига кўтарилмоқда. Давлатимиз раҳбари намоён этаётган мустаҳкам сиёсий ирода натижасида “амалда инсон қадри” деган муҳим ташаббус ўз ифодасини топиб бормоқда. Бу йўлда бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш, бунда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳам алоҳида ҳисобга олиш каби долзарб масалалар ўзининг ижобий ечимига эга бўлмоқда.

Сир эмаски, инсон манфаатларини ҳимоя қилувчи энг муҳим бошқарув тизимларидан бири бу суд-ҳуқуқ тизимидир. Шунинг учун ҳам мазкур тизимнинг адолатли йўлга қўйилиши ғоят муҳим саналади. Чунки, унда бевосита инсон тақдиридек нозик масала ҳал этилади. Хусусан, Президентимизнинг Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштириш йўлида муҳим қадамлардан бири сифатида “халқ вакиллари ҳайъати” институти тилга олинди. Бунинг нечоғлик аҳамият касб этиши ҳақида Тошкент давлат юридик университети Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик Тадқиқот маркази раҳбари, юридик фанлари доктори Аҳаджон Ҳакимовга юзландик.
– Қадимдан муҳим судлар халқ олдида катта майдонларда ўтказиб келинган, – дейди А.Ҳакимов. – Масалан, бугунги кунда Ўзбекистон ҳуқуқий тизими мансуб бўлган роман-герман ҳуқуқ оиласининг бош илдизи ҳисобланмиш қадимги Римда ҳам жамоат ҳаёти учун марказий майдон вазифасини “форум” деб аталган жойлар бажарган. Форумлар нафақат оммавий мунозараларнинг маркази, балки жамият ҳаётида рўй бераётган ҳуқуқий масалалар ва жиноят ишларини кўриб чиқиш учун муҳим маскан бўлган. Бир сўз билан айтганда, судлар халқнинг кўз ўнгида содир бўлиб, халқнинг адолат жараёнига гувоҳ ва иштирокчи бўлишига имкон яратган.
– Давлатимиз раҳбари судларнинг шаффофлигига алоҳида эътибор қаратиб, бунда халқ вакиллари хусусан, маҳалла ташаббускор бўлиши лозимлигини таъкидлади. Хўш, бугунги кунда судларда шаффофлик қай даражада таъминланмоқда?
– Албатта, ҳозирги шароитда миллионлаб аҳолига эга жамиятларда барча ишларни битта очиқ маконда олиб бориш жисмонан ҳам, ташкилий жиҳатдан ҳам имконсиз. Бироқ бу каби ҳолатлар суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштириш йўлида тўсиқ бўлиши керак эмас.
Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштириш йўлида муҳим қадамлардан бири сифатида “халқ вакиллари ҳайъати” институти ҳақида сўз борди. Президентимиз ушбу Мурожаатномада жиноят процессида инглиз ҳуқуқига мансуб давлатларда ўзининг самарадорлигини исботлаган “халқ вакиллари ҳайъати” институтини босқичма-босқич жорий этиш, айниқса, ўта оғир ҳамда кенг жамоатчилик эътиборини тортаётган жиноят ишларининг жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд қарорларининг янада холис ва адолатли бўлишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
– Хўш, Халқ вакиллари ҳайъати ўзи қандай институт?
– Халқ вакиллари ҳайъати институти Англияда ХII асрда вужудга келган. Мазкур институт бугунги кунда Буюк Британия ҳамда АҚШда адолатни ўрнатишнинг асосий устунларидан бири ҳисобланади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, тасодифий тарзда танланган 12 нафар оддий фуқаро асосан ўта оғир жиноят ишларида фактларни аниқлаш ҳамда судга ҳукм чиқаришда ёрдамлашишга масъул бўлади. Танлаб олинган 12 нафар оддий фуқаро (АҚШда жиноятнинг турига қараб улар 6-8 нафарни ташкил этиши ҳам мумкин) судга чақирилгач, улар судда албатта, қатнашиши лозим бўлади. Ушбу фуқаролар жиноят ишларида судья билан биргаликда жиноят содир этганликда айбланаётган шахс ва бошқаларнинг сўзларини эшитиб, айбланаётган шахсни айбдор ёки айбсиз деб топишда иштирок этади.
Қисқача қилиб айтганда, халқ вакиллари ҳайъати институти жиноят ишларида давлат ҳокимиятини назорат қилиш воситаси сифатида муҳим аҳамият касб этади ҳамда суд жараёнларида адолатни таъминлаш, фуқароларга, ҳукумат томонидан тайинланган “судья” деб аталмиш мансабдор шахсларгина эмас, ўзлари билан бир жамиятда елкадош ва ҳамнафас бўлиб яшаётган оддий фуқаролар томонидан ҳам баҳоланиш имконини беради. Бу орқали суд жараёнига соғлом ақл, жамиятнинг қадриятлари ва хилма-хил қарашлар олиб кирилади. Шунингдек, судьялар томонидан хатоликларга йўл қўйилиши ёки тарафкашлик каби хавфларни камайтиради.
– Айтингчи, Халқ вакиллари ҳайъати институти инглиз ҳуқуқ тизимидаги мамлакатларда ўзини оқлагани мамлакатимиз ҳуқуқ тизимига ҳам мазкур институтни жорий қилиш учун етарли асос бўла оладими?
– Ҳуқуқшуносларга очиқ-ойдин маълумки, инглиз ҳуқуқ тизими роман-герман ҳуқуқ тизимидан кескин фарқ қилади. Бу борада Ўзбекистон каби роман-герман ҳуқуқ оиласига мансуб бўлган мамлакатларда ҳам бу каби институт жорий этилган ёки йўқлигини кўздан кечиришнинг ўзи кифоя, назаримизда. Бундай мамлакатлардан бири, судьяларнинг мустақиллиги ҳамда суд тизимининг адолатлилиги билан ном қозонган Япониядир. Кунчиқар мамлакат роман-герман ҳуқуқ тизимига мансуб бўлса-да, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг англо-американ тизимдан ҳам бир қанча институтларни ўз ҳуқуқ тизимига татбиқ этиб келади. Шулардан бири халқ вакиллари ҳайъати институтидир. Японияда суд тизимини демократлаштириш ва фуқароларнинг қарашларини суд жараёнларида акс эттириш мақсадида 2004 йилда мазкур институтни жорий қилишни назарда тутувчи қонун қабул қилинган.
– Хорижий мамлакатлардан олиб кирилаётган институтлар маданиятимиз ҳамда қадриятларимизга қанчалик мос келади?
– Ўринли савол, айтиб ўтиш керакки, бу институт инглиз ҳуқуқига мансуб мамлакатлар ёки Японияда самара берган бўлса-да, у ердаги инсонлар ва мамлакатимиздаги инсонлар ўртасида маданий, диний ҳамда тарихий фарқлар мавжуд. Бироқ Ислом ҳуқуқи бўйича машҳур америкалик профессор Жон Макдиси ўзининг “Инглиз ҳуқуқининг исломий асослари” деб номланган илмий асарида бугунги кунда инглиз ҳуқуқ тизимидаги мамлакатларда мавжуд бўлган халқ вакиллари ҳайъати институти аслида Ислом ҳуқуқидаги “лафиф” институтига жуда ҳам ўхшаш эканини таъкидлайди. Яъни, Жон Макдисининг фикрича мазкур институт ХII асрда Англия қироли Генрих II томонидан жорий этилган бўлса-да, унинг келиб чиқиши масаласи ғарб олимлари ўртасида ҳанузгача баҳсли бўлиб қолмоқда. Чунки, улар келтирадиган кўплаб тарихий асослар халқ вакиллари ҳайъати тизимининг ўзига хос хусусиятлари билан мос келавермайди.
Аксинча, Ислом ҳуқуқидаги лафиф институти халқ вакиллари ҳайъатига анча яқин келади.
– Лафиф институти ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.
– Лафиф институти асосан моликий мазҳаби амалиётида шаклланган ва муайян иш бўйича маҳаллий жамоа вакилларидан ташкил топган гувоҳлар гуруҳи бўлган. Одатда уларнинг сони ўн икки кишидан иборат бўлиб, улар ишга дахлдор ҳолатларни ўз кўзи билан кўрган ёки қулоғи билан эшитган бўлиши, тарафлар билан манфаатлар тўқнашувига эга бўлмаслиги ва ростгўй бўлиши талаб этилган. Аслида Ислом ҳуқуқида ҳам оддий ишлар учун икки гувоҳ етарли бўлса, лафиф мураккаб, жамоат ҳаётига да[лдор ёки узоқ давом этган низоларда қўлланилган. Бундай ҳолатларда кўпроқ гувоҳ жалб этиш орқали хато ва ёлғон эҳтимоли камайтирилган. Масаланинг энг муҳим жиҳати шундаки, лафиф институтида ўн икки гувоҳнинг кўрсатмалари қози учун муҳим аҳамият касб этган. Агар ўн икки гувоҳ барча қўйилган талабларга жавоб берса, қози уларнинг кўрсатмасига зид қарор чиқариш ҳуқуқига эга бўлмаган, дейди Жон Макдиси. Шу сабабли, лафиф институтида “асл ҳукм чиқарувчи — гувоҳ, қози эса фақат ижрочи” вазифасини бажарган. Лафифнинг мана шу жиҳати ҳам инглиз ҳуқуқидаги халқ вакиллари ҳайъатининг суддаги ролига жуда ҳам яқин. Шундай қилиб, VII-VIII асрларда мусулмон жамиятларида асос солингани айтиладиган лафиф институти кейинчалик инглиз ҳуқуқидаги халқ вакиллари ҳайъати институти учун тамал тошини қўйган деган хулосани беради.
– Қимматли ва илмий асосланган маълумотлар учун ташаккур. Шундай қилиб, муҳокама этилаётган масала юзасидан қандай хулосага келиш мумкин?
– Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Президентимизнинг Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга Мурожаатномасида алоҳида таъкидлаб ўтилган халқ вакиллари ҳайъати институтининг тарихий илдизлари мусулмон жамиятига бориб тақалади. Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон ҳуқуқий тизими каби роман-герман ҳуқуқ оиласига мансуб бўлган мамлакатлар ҳам бу институтни судларининг амалиётида акс эттираётгани эса мазкур институтнинг тажрибадан ўтган ва илғор демократик мамлакатлар эътиборида эканини исботлайди. Демак, мамлакатимизда ҳам халқ вакиллари ҳайъати институтини босқичма-босқич жорий қилиш оддий фуқароларга ўта оғир жиноят ишлари бўйича суд муҳокамаларида иштирок этиб, судmялар билан биргаликда айбдор ёки айбсиз деб топиш ҳамда жазони белгилаш масаласини ҳал қилиш имкониятини тақдим этади. Шу билан бирга, халқимиз орасида суднинг ошкоралиги ва ишончлилигини оширишга хизмат қилиб, суд қарорларининг янада холис ва адолатли бўлишига замин ҳозирлайди деб ишонч билан айта оламиз.
Кўриниб турибдики, давлатимиз раҳбари илгари сураётган мазкур ташаббус ўзининг мантиқий асосига эга. Қувонарлиси шуки, унинг аҳамиятини халқ онгига сингдириш ва амалиётга тадбиқ қилишда ўз салоҳияти билан иштирок этадиган мутахассислар етарлича. Бу жуда ҳам муҳим. Негаки, ислоҳотларнинг моҳияти тўлақонли англанмаса, самарадорлик ҳам кутилганидек бўлмайди.
Шербек Исломов суҳбатлашди,
ЎзА