Агротуризм қишлоғига бир келиб кетинг
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 29 март куни мамлакатимиз туризм салоҳиятини янада ривожлантириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилган эди.
Жиззах вилояти Пахтакор туманида ҳам мазкур йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Соҳа мутахассисларининг таҳлилларига кўра, агротуризм – бу қишлоқ жойларда ташкил этиладиган фаолият бўлиб, меҳмонга келувчиларга комплекс хизмат кўрсатилади. Яъни яшаш, дам олиш, овқатланиш, экскурсия хизматлари, бўш вақтни ва спорт тадбирларини самарали ташкил этиш, балиқ ва ҳайвонларни овлаш билан шуғулланиш ҳамда туризмнинг фаол кўриниши борасида билим ва янгиликларга эга бўлишдир.

Агротуризм йўналиши – Испания, Италия, Буюк Британия, Греция ва Францияда яхши ривожланган. Бу мамлакатларга борган сайёҳлар муайян вақт давомида қишлоқ жойларда яшаб, маҳаллий халқ маданияти, урф-одатлари, турмуш тарзи билан танишади, анъанавий қишлоқ хўжалик ишларида иштирок этади.

Туризмнинг худди шундай йўналиши, яъни агротуризмга алоҳида эътибор қаратган гўшани Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидан топиш мумкин. Тумандаги “Пахтакор” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси таркибидаги Ш.Сувонқулов раҳбарлик қилаётган “Sеmrug’ Innovation and sееd kompany” далаларига келган сайёҳлар, бу ерда барпо этилган ранг-баранг мевали боғлар қўйнида вақти чоғлик қилиб, мева териши, улардан танавул қилиши, турли хил паррандаларнинг парвариши билан яқиндан танишиши, уларга ўз қўллари билан дон-дун бериши, асаларилар билан қандай муомала қилиш йўллари ва асаларичиликни ўрганиб олиши мумкин.

Шунингдек, бу ерга келган хоҳ хорижлик, хоҳ маҳаллий сайёҳ қишлоқ аҳолисининг кундалик ҳаётида улар билан бевосита иштирок этади. Олис қишлоқ турмуш тарзини тўла-тўкис ҳис қилиши учун махсус ўтовларда яшаши, бола туғилиши, “бешикка белар”, “сурпа солди” каби бир қатор миллий маросимларда қатнашиши мумкин. Қимиз, қимрон ичиб, от ва туяларни миниб, кўп қиррали Ўзбекистоннинг ноёб экзотик наботот оламидан баҳраманд бўлади.

Ушбу қишлоқда сайёҳлар қушларнинг сайраши, майсазорга ётганча бепоён ва мовий осмонни томоша қилишлари мумкин. Ўзбек миллий таомлари, айниқса, паловнинг тайёрланиши жараёнига бевосита иштирок этади. Сигирни соғилишини кузатиш, мевали дархатлар ҳосилини йиғиш ишларини нафақат томоша қилади, балки бу ишларда ўзлари шахсан иштирок этиш имконига эга бўлади.

Доно халқимизда, минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, деган нақл бор. Шунга амал қилиб, Пахтакор туманидаги “Sеmrug’ Innovation and sееd kompany” далаларига ўзингиз бир келиб, юқорида айтганларимизга гувоҳ бўлишингиз мумкин. Ушбу агротуризм қишлоқчасида ўтказган кунларингиз бир умр хотирангизда қолади.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА