Агротехник тадбирлар – мўл ҳосил гарови
Шу кунларда Фарғона вилояти Риштон туманида мавжуд 7880 гектар майдонда ғалла парвариши билан боғлиқ агротехник тадбирларни бажаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Риштон туманидаги эски трактор парки ўрнида фаолият кўрсатиб келаётган “Қаҳрамон” ғаллачилик кластери ғаллачилик билан бирга чорвачилик ҳамда паррандачиликни ривожлантириб келмоқда. Айни пайтда хўжаликда 200 бош қорамол парваришланаётган бўлиб, яна 100 бош қорамол келтирилиши кўзланган.
– Даромад фақат етиштирилган ҳосилдан эмас, уни қайта ишлашдан ҳам келади, - дейди “Қаҳрамон” ғаллачилик кластери раҳбари Исомиддин Ўринбоев. – Бу борада туркиялик инвесторлар ҳамкорлигида бир йилда қуввати 22 минг тонна, бир кунда эса 60 тонна буғдойни қайта ишлаш технологияларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Бу йил 4870 гектар майдондаги ғалладан 16200 тонна дон етиштиришни мақсад қилганмиз. Шунингдек, кластеримизда 430 бош зотдор парранда боқилмоқда. 7 сотих иссиқхонада эса мандарин ва 7 сотихда лимон етиштирилади.
Ҳудудда “Ўзагроинспекция”нинг Риштон туман бўлими инспекторлари томонидан кластер ва фермер хўжаликларида профилактика тадбирлари ўтказилиб, ғалла парвариши бўйича фермер хўжаликлари томонидан бажарилиши лозим бўлган қатор вазифалар хусусида тавсия ва кўрсатмалар берилмоқда.
Шунингдек, техникаларнинг мавсумга шайлигини таъминлаш мақсадида, дон ўриш комбайнларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
[gallery-5917]
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат),ЎзА