Бугунги кунда мамлакатимизда кечаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнида замонавий ҳамда сифатли суғурта хизматларига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Aлбатта, суғурта компанияларининг самарали фаолияти, рақобатбардошлилиги, бевосита унинг кадрлар салоҳиятига боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, “Ўзагросуғурта” AЖ ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида кадрлар тайёрлаш юзасидан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меъморандум доирасида томонлар суғурта иши, хусусан қишлоқ хўжалиги таваккалчилкларини суғурталаш, умумий суғурта тармоғининг барча йўналишларига ихтисослашган мутахассисларни тайёрлашга оид устувор вазифаларни аниқ белгилаб олишди.
Шунингдек, “Ўзагросуғурта” AЖ томонидан бугунги трансформация жараёнида соҳага юқори малакали кадрларни жалб қилиш, ходимларнинг халқаро андозаларга мос равишда малакасини ошириш, тизимда фаолият юритаётган ўрта ва ўрта махсус мутахассисликка эга ходимларни соҳа бўйича олий таълим муассасаларида тавсия асосида ўқитиш, раҳбар лавозимларига кадрлар захирасини шакллантириш асосий вазифалардан ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, миллий суғурта бозорида етакчи ҳисобланган Жамиятнинг мамлакат бўйлаб 14 та филиали ҳамда 187 та суғурта марказида жами 600 дан ортиқ ходим, сал кам 1000 нафар суғурта агентлари фаолият юритмоқда. Ходимларнинг 60 фоизга яқини олий маълумотли, хусусан 26 фоизи молия, иқтисод ва суғурта соҳаси мутахассисларидир. Тизимда раҳбарлик лавозида фаолият юритаётганларнинг 30 фоизи ёшлар ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4412-сон қарорига мувофиқ компания тизимида самарали фаолият юритаётган ўрта ва ўрта махсус маълумотга эга бўлган истиқболли ёш кадрларни мамлакатдаги олий таълим муассасаларининг “Суғурта иши” таълим йўналишида ўқитиш мақсадида 2020-2021 ўқув йилида 27 нафар, 2021-2022 ўқув йилида Тошкент давлат иқтисодиёт университетига 14 нафар ходим компания тавсияси билан ўқишга қабул қилинди.
Шунингдек, “Ўзагросуғурта” AЖ кадрлар сиёсати стратегиясининг асосий йўналишларидан яна бири сифатида тизимда “Устоз – шогирд” анъанасининг йўлга қўйилганлигидир. Бунда тизимдаги тажрибали ходимларга ёш мутахассисларни бириктирган ҳолда уларнинг амалиёт ўташларини ташкил этиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, Жамият томонидан малакали шу жумладан, ёш, билимли ва истиқболли кадрларни жалб қилиш мақсадида юртимиздаги олий таълим муассасаларининг молия, банк, иқтисодиёт йўналишларидаги битирувчиларининг малакавий иши ҳимоясида ҳамда “Карьера кунлари”да мунтазам иштирок этиб келинаётганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.
Бир сўз билан айтганда, “Ўзагосуғурта” кадрлар сиёсатида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш орқали бугунги кунда шиддат билан ривожланиб бораётган бозор иқтисодиёти ва суғурта бозори шароитида соҳани салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш, уларни моддий ва ижтимоий томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда тизимда иш самарадорлигини янада ошириш мақсад қилинган.
Реклама ҳуқуқи асосида
ЎзА