Тошкентда агросаноат ва савдо анжумани ўтказилди
Пойтахтимизда «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Корея Республикасининг Савдо ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш агентлиги ҳамкорлигида агросаноат ва савдо анжумани ўтказилди.
Пойтахтимизда «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Корея Республикасининг Савдо ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш агентлиги ҳамкорлигида агросаноат ва савдо анжумани ўтказилди.Унда Корея Республикасининг «KAFCO», «Korea Energy Technology Co.Ltd», «FNG International», «Myung Seong» каби 10 дан ортиқ компанияси ва «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси таркибидаги корхоналар, тадбиркорлар иштирок этди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан салоҳиятга эга. Кейинги йилларда экин майдонлари таркибий ўзгартирилиб, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш кўпаяётгани натижасида бу салоҳият янада ошмоқда. Сифатли ва сархил мева-сабзавотларимиз кўплаб мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
Масалан, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси таркибида мева-сабзавот маҳсулотлари харид қилиш ва сақлашга ихтисослашган 48 корхона фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг 1 октябригача уюшма томонидан Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ва Хитой каби давлатларга қарийб 30 миллион доллар миқдорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган.
Жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси доирасида яна кўплаб келишувларга эришилди. Бугунги кунда уюшма томонидан мева-сабзавотлар ва асални қайта ишлаш, косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, музлатилган қовун ва жем маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қўшма корхоналар ташкил этилмоқда.
– Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотлар табиийлиги, мазаси ва сифати билан бутун дунёда қадрланади, – деди Корея Республикасининг Савдо ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш агентлиги директори Ан Сонг Жун. – Шу боис мамлакатингиз билан ҳамкорликдан манфаатдормиз. Бугунги анжумандан кўзланган асосий мақсад шу соҳада фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, ўзаро талаб ва таклифларимизни ўрганишдир.
Тадбирда «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси раиси ўринбосари Н.Аҳмаджонов, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори ўринбосари К.Нурматов ва бошқалар мамлакатимизда мева-сабзавот етиштириш, уни экспорт қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, ўз ташкилотларининг салоҳияти ҳақида маъруза қилди. Жанубий Кореянинг агросаноат учун технология ва ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналари мамлакатимиз бизнес субъектлари билан ҳамкорлик имкониятларини муҳокама этди.
Анжуман сўнгида тадбиркорларнинг B2B шаклидаги мулоқотлари ташкил этилиб, қатор истиқболли келишувларга эришилди.