“Мақсад” лойиҳаси
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги нафақат аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш, балки иқтисодий ўсиш, экспорт салоҳияти ва минтақавий барқарорликни таъминлашда ҳал қилувчи ўрин тутади.
“Мақсад” лойиҳасининг навбатдаги сони давлатимиз раҳбарининг озиқ-овқат экспортини кўпайтиришдаги ташаббуслари натижасига бағишланади.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини стратегик тармоқ сифатида белгилаб, соҳани тубдан ислоҳ қилиш, замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, халқаро бозорда рақобатбардошликни таъминлашга қаратилган кенг қамровли ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июль куни ўтказилган мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ҳам соҳадаги ютуқларни яққол намоён этди. Йиғилишда нафақат мавжуд камчиликлар аниқ таҳлил қилинди, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сувсизликка чидамли экинлар етиштириш, қайта ишлаш саноатини ривожлантириш каби долзарб масалалар юзасидан аниқ вазифалар ҳам белгиланди.
ЎзА Барқарор ривожланиш маркази билан ҳамкорликда тайёрланган “Мақсад” лойиҳасининг навбатдаги сонида қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили, йиғилишда кўтарилган масалалар ва Ўзбекистоннинг ФАО Кенгаши аъзолигига сайланиши тақдим этадиган имкониятлар хусусида сўз боради.

Меҳмон – Барқарор ривожланиш маркази эксперти Искандар ЎРОҚБОЕВ.
– Кейинги йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сиз ушбу ислоҳотларнинг барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғунлигини қандай баҳолайсиз?
– Ўзбекистон БРМ (БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари) бўйича миллий мақсадларини 2022 йил 83-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида белгилаб олди. Унда 16 мақсад ва 126 та вазифалар белгиланган. Айнан Ўзбекистондаги аграр ислоҳотлар БРМнинг асосий мақсадлари билан уйғун равишда амалга оширилмоқда.
Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 54-мақсадида Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш вазифаси белгиланган. Бу БРМнинг иккинчи – “Очликка барҳам бериш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш” мақсадига мос келади. Ушбу стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилиш жараёнида ўтказилган кенг жамоатчилик муҳокамасида халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ таркибига кирувчи бир қанча Ўзбекистондаги ваколатхоналар билан муҳокамалар ўтказилиб, улар томонидан тақдим этилган хулоса ва таклифлар ҳамда БРМ билан уйғунлигини боғлаган тарзда шаклланди ва тасдиқланди.
Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, кластерлар ва кооперация тизимини жорий этиш, томорқаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда озиқ-овқат таъминотини барқарорлаштириш борасидаги чоралар стратегик аҳамият касб этмоқда. Бу нафақат очликка барҳам бериш, балки умумий иқтисодий барқарорликка эришишга ҳам хизмат қилмоқда.
– Аграр соҳада ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, иссиқхоналар ривожи, экспорт салоҳиятини ошириш каби ташаббуслар амалга ошириляпти. Бу жараёнларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш қанчалик инобатга олиняпти?
– Ҳақиқатдан ҳам, иссиқхоналарни ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш атроф-муҳитни муҳофаза қилишда муҳим қадамлардир. Хусусан, Сувчилар мактаби, сув кредит платформаси, дискрет, томчилатиб, ёмғирлатиб, каналларни бетонлаш фикрларимиз тасдиғидир.
Бугунги кунда республикада 5,1 минг гектар иссиқхоналар мавжуд. Кейинги етти йилда уларда етиштириладиган маҳсулот ҳажми 110 минг тоннадан 546 минг тоннага кўпайди. Шунингдек, 2025 йилда жами 500 минг гектар сув тежовчи технологиялар, шундан 232 минг гектар томчилатиб, дискрет суғориш технологияларини жорий этиш, 268 минг гектар майдонларда лазерли текислаш ишларини амалга ошириш ҳисобига 2 – 2,5 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш мақсад қилинган.
Шу асосда 2025 йил июль ойигача 200 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. Натижада 420 миллион куб метр сув иқтисод қилиниб, қўшимча 65 минг гектарда мева-сабзавот етиштириш имконияти яратилди. Бундан ташқари, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш мақсадида Ўзбекистонда иқлимга мос агроэкологик зоналаштириш, биоҳафвсизлик ва карбон изини камайтириш каби ташаббуслар давлат сиёсатининг ажралмас қисмига айланди.
Бундан ташқари, қурғоқчилик ва сув танқислиги Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига таъсир этувчи асосий омиллардан ҳисобланади. Шундай шароитда ресурс тежовчи технологиялар, инновацион ечимлар, жумладан, блокчейн ва агрологистика тизимини ривожлантириш орқали экологик барқарорликни таъминлашга катта эътибор берилмоқда.
– Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ташқи бозорларга чиқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айтингчи, қайси йўналишларда яна қўшимча имкониятлар мавжуд?
– Ўзбекистон 180 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини 80 дан зиёд мамлакатга экспорт қилмоқда. 2024 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар экспорти 2,2 миллиард долларни ташкил этди. Мева-сабзавот экспорти 15,8 фоизга ўсиб, 2 миллион тоннадан ошди.
Халқаро сифат стандартларини жорий этиш, органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, логистика инфратузилмасини ривожлантириш, электрон савдо платформаларини яратишга ҳам эришилмоқда.
– Ўзбекистоннинг ФАО Кенгаши аъзолигига сайланиши – агросоҳадаги миллий сиёсатнинг халқаро даражада эътироф этилиши сифатида баҳоланмоқда. Бу аъзолик мамлакатимиз учун қандай янги имкониятлар эшигини очади, деб ҳисоблайсиз?
– Ўзбекистоннинг БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Кенгаши аъзолигига сайлангани халқаро миқёсда мамлакатимизнинг обрўсини янада оширди. Бу эътироф мамлакатимизга янги лойиҳалар учун маблағ жалб қилиш ва минтақавий ташаббусларни илгари суришда муҳим имконият яратади.
ФАО Кенгашига аъзолик, шунингдек, халқаро озиқ-овқат сиёсати ва стандартларни ишлаб чиқиш, миллий ташаббусларни илгари суриш, янги молиявий ресурслар жалб этишга ҳам хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, жорий йилда Ўзбекистоннинг ФАО Кенгаши аъзолигига сайланиши – аграр соҳада олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг халқаро эътирофи бўлди. Бу Президентнинг халқаро ҳамкорликдаги юксак нуфузи ва мамлакатнинг ташқи майдондаги таъсирини оширишдаги сиёсий етуклигини намоён қилади.
– БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган 2-мақсад – очликни тугатиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Сизнингча, Ўзбекистонда амалга оширилаётган аграр ислоҳотлар ва Президент ташаббуслари ушбу глобал мақсадга эришишга қай даражада хизмат қилмоқда?
– Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Биринчидан, анъанавий тарзда пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослаштирилган айрим ер майдонлари қисқартирилиб, ўрнига сабзавот, дуккакли ва полиз экинларини етиштиришга устувор аҳамият қаратиляпти.
Иккинчидан, қишлоқ хўжалигида кластер ва кооперация тизимларининг жорий этилиши қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширди.
Учинчидан, томорқа хўжаликларига давлат томонидан имтиёзли кредитлар ва субсидиялар берилмоқда. Бу эса аҳолининг ўз ерларида маҳсулот етиштириши ва маҳаллий бозорларни бойитишига имкон бермоқда.
Бундан ташқари, инновацион ечимлар ва замонавий технологиялар озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, блокчейн технологияси жорий этилиши маҳсулотлар сифатини назорат қилиш ва таъминот занжирини шаффофлаштиришда ўз самарасини бермоқда.
Ўзбекистон амалга ошираётган ислоҳотлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мос келади. 2024 йилда иқтисодиётда банд бўлган 14,3 миллион нафар аҳолининг 23 фоизи, яъни 3,3 миллион нафари қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритган. 2024 йилда Ўзбекистон Глобал очлик индексида 22-ўринни эгаллаб, бешдан паст балл тўплади, бу мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган сиёсат ва амалий чора-тадбирларнинг самарадорлигини тасдиқлайди.
Республикадаги аграр ислоҳотлар нафақат миллий озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки глобал Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ҳам муҳим ўрин тутади. Давлат сиёсатидаги инновацион ёндашувлар, халқаро ҳамкорлик ва ресурс тежовчи технологиялар келгусидаги муваффақият учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TlG4toCHTEg" title="Agrar sohada olib borilayotgan islohotlarning xalqaro e’tirofi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА