Аграр ислоҳотлар: барқарор ривожланиш сари
Сўнгги йилларда юртимизда бошқа соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Жумладан, Навоий вилоятида соҳада амалга оширилган тизимли ислоҳотлар барқарор ўсиш ва рақобатбардошликни таъминламоқда.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликлари томонидан 11,9 триллион сўмлик маҳсулот етиштирилган бўлса, 2025 йилга келиб ушбу кўрсаткич 24,3 триллион сўмга етди. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми қарийб икки баробарга ошиб, йил якуни билан ўсиш суръати 104,1 фоизни ташкил этди. Бу рақамлар соҳада амалга оширилган институционал ўзгаришлар, молиявий қўллаб-қувватлаш ва замонавий технологияларни жорий этишнинг самарасидир.
Маҳсулот турлари кесимида ҳам барқарор ўсиш таъминланди. Дон, пахта, сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари, мевалар ва узум етиштиришда ўсиш суръатлари 102-106 фоиз оралиғида бўлди. Шу билан бирга, чорвачилик маҳсулотлари – гўшт, сут, тухум, пилла хом ашёси ва балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳам сезиларли даражада кўпайди. Бу эса қишлоқ хўжалигида диверсификация ва қўшимча қиймат яратиш йўналишида тўғри стратегия танланганидан далолат беради.

Пахта ва ғаллачилик соҳаларида илмий асосланган ёндашувнинг кучайтирилиши, уруғчиликка эътибор, замонавий техника ва агротехник тадбирларнинг тўлиқ жорий этилиши ҳосилдорликни кескин ошириш имконини берди. Пахта хомашёсини етиштириш учун 267,6 миллиард сўм, ғалла учун эса 131,7 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши натижасида пахтачиликда ҳосилдорлик гектарига 13,3 центнерга, ғаллачиликда эса 30,1 центнерга ошди. Бу ўз навбатида юзлаб миллиард сўм қўшимча даромад келтирди. Эътиборлиси, пахта майдонлари қисқарганига қарамасдан, умумий ҳосил ҳажмини оширишга эришилди. Бу эса ердан самарали фойдаланишнинг амалий натижасидир.
Янги ерларни ўзлаштириш сиёсати ҳам муҳим натижалар бермоқда. 2020-2025 йилларда 50 минг гектар фойдаланилмаётган ерлар ишга солиниб, қўшимча 450 минг тонна маҳсулот етиштирилди. Фермерларнинг ташаббускорлиги ва инфратузилмага хусусий инвестициялар жалб этилиши бунга ёрқин мисол бўла олади. Айрим хўжаликлар ўз ҳисобидан суғориш тармоқларини барпо этиб, қисқа вақт ичида юқори ҳосил ва катта даромадга эришди.

Вилоят ҳудудининг катта қисми чўл зоналаридан иборат экани инобатга олинса, чорвачилик соҳасидаги ўсиш алоҳида аҳамият касб этади. Қорамол, қўй ва эчкилар бош сони кўпайиб, гўшт ва сут ишлаб чиқариш ҳажмлари сезиларли ошди. Айниқса, 2025 йилда Мўғулистондан баят зотли қўйларни тирик вазнда импорт қилиш бўйича қабул қилинган қарор тарихий аҳамиятга эга бўлди. Давлат томонидан транспорт харажатларининг бир қисмини қоплаш ва имтиёзли кредитлар ажратилиши тадбиркорларнинг фаоллигини кучайтириб, қисқа вақт ичида ўн минглаб бош зотли қўйлар олиб келинишига замин яратди. Бу келгуси йилларда экспортбоп маҳсулот ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Сув ресурсларини бошқаришда ҳам туб бурилиш ясалди. Янги Сув кодексининг қабул қилиниши, сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш ва “Сувчилар мактаби” орқали фермерларнинг малакасини ошириш самарасида сув тежовчи технологиялар кенг жорий этилмоқда. 2021-2025 йилларда 91 минг гектардан ортиқ майдонларда томчилатиб, ёмғирлатиб ва бошқа замонавий суғориш усуллари қўлланилиб, ярим миллиард куб метрдан зиёд сув тежаб қолинди. Ирригация тармоқларини реконструкция қилиш, насос станцияларини янгилаш орқали электр энергияси сарфи камайтирилиб, сув етказиб бериш имкониятлари кенгайтирилди.

Умуман олганда, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида амалга оширилган ислоҳотлар иқтисодий самарадорлик, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва фермерлар даромадини оширишга қаратилган комплекс ёндашувга асосланди. Эришилган натижалар нафақат ички бозорни сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш, балки экспорт салоҳиятини ошириш учун ҳам мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири