Афв этилганлар оиласи бағрига қайтмоқда
Мустақиллик – том маънода ҳуқуқ демакдир. Бу нафақат мамлакатнинг дунё харитасида давлат сифатида пайдо бўлиши эмас, балки ҳар жиҳатдан дахлсиз ҳуқуқларни қўлга киритишидир. Давлатки ўз ҳуқуқларига эга бўлар экан, ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳам таъминлай олади.
Мустақиллик – том маънода ҳуқуқ демакдир. Бу нафақат мамлакатнинг дунё харитасида давлат сифатида пайдо бўлиши, балки ҳар жиҳатдан дахлсиз ҳуқуқларни қўлга киритишидир. Давлатки ўз ҳуқуқларига эга бўлар экан, ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳам таъминлай олади.
Шу жиҳатдан халқимизнинг бундан 28 йил аввал мустақил давлатга эга бўлиши чин маънодаги бахт бўлди. Биз дунёга ўз байроғимиз, ўз овозимиз билан чиқиш имконига эга бўлдик.
Ўтган қисқа давр давлатчилик шаклланиши, унинг тизимлари йўлга қўйилишида муҳим қадамлар қўйилди. Ҳуқуқлар таъминланиши учун зарур чоралар кўрилмоқда. Айниқса, Мустақиллик куни арафасида ҳуқуқлари чекланган шахсларга имкон беришдек инсонпарварлик анъанаси ҳам пайдо бўлди. Ҳар йили байрам арафасида Президентимизнинг афв этишга оид фармонини кўплаб қоракўзлар интиқ бўлиб кутади.
Ҳаётда адашмайдиган ёки хато қилмайдиган одам бўлмайди. Айримлар иродасизлик қилиб ёки адашиб жиноят йўлига кириб қолади. Лекин улар ҳам кимнингдир отаси, кимнингдир онаси ёки фарзанди, севган ёри... Адашганга шафқатсизлик уларга бўлган шафқатсизлик ҳамдир. Шу боис хатосидан тўғри хулоса чиқарган кишиларни кечириш ҳам керак. Зеро, кечиримлилик ва бағрикенглик аслида халқимизга хос хусусият.
Куни кеча Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг кутилган фармони қабул қилинди. “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига пушаймон бўлган ва тузилиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармон билан 65 нафар фуқаро афв этилди. Уларнинг барчаси содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслардир.
Айтиш ўтиш керакки, кейинги уч йилда юртимизда 7 марта афв эълон қилиниб, 3 минг 952 нафар шахс афв этилди. Бу халқимизга хос инсонпарварлик, олижанобликдек фазилатларнинг яққол амалий ифодасидир.
Афв этилган шахсларнинг 17 нафари жазодан тўлиқ озод қилинди, 13 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, 20 нафарига эса тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилди. Бир сўз билан айтганда, 50 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш жойларидан ота-онаси, фарзандлари ва яқинлари бағрига қайтарилди.
Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддати қисқартирилди ва 1 нафар шахс озодликни чеклаш жазосидан озод қилинди.
Афв этилганларнинг 4 нафарини аёллар, 1 нафарини 60 ёшдан ошган шахс, 1 нафарини чет эл фуқароси, шунингдек, 39 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган фуқаролар ташкил этди.
Пойтахтлик Азим Қосимов ҳам бу эзгуликдан баҳраманд бўлиб, оиласи бағрига қайтди.
- Бундан тўққиз йил муқаддам ўйламай босилган қадамим туфайли ўн йилдан ортиқроқ муддатга озодликдан маҳрум этилганман, - дейди А.Қосимов. - Дўстларим диндор йигитлар эди. Уларни айтган жойларига автомашинамда олиб бориб қўярдим ва дин қоидаларини ҳам ўрганаётган эдим. Аммо улар асл динни эмас, балки диний-эстремистик ғояларга йўғрилган қарашларни адабиётларда акс эттириш ва бу ғояларни одамларга сингдиришдек мақсадни кўзлашган экан. Буни барчамиз қўлга олингач, менга тушунтириб беришгандагина билдим. Лекин барибир жиноий тўдага қўшилганим учун айбдор, деб топилдим.
Ёш оиланинг бошлиғи аёли, уч нафар вояга етмаган гўдагини қаровсиз қолдириб кетиши мураккаб масала. Нафақат иқтисодий таъминот, балки ота меҳри ҳам бу уйдан узоқ йилларга узилди. Бу айтишга осон, бироқ, бу оила аъзоларига осон бўлмади. Отани интиқ кутиб йилларни ўтказган болалар вояга ҳам етиб қолишди. Уларнинг бирдан-бир умиди Президентимизнинг афви бўлиб, оталари бир кун бўлса ҳам эртароқ келишларига ишонишарди. Ниҳоят орзулар амалга ошди. Ота дийдоридан болажонларнинг кўзлари севинч ёшларига тўлди.
- Ҳар сафар афв эълон қилинишидан олдин мен ҳам умид билан кутардим, - дейди А.Қосимов. - Кечирим сўраб ёзган аризам Президентимизга етиб борганмикин, деган ўйда юрардим. Шу сафар кутилмаганда менинг ҳам афв этилганимни айтишди. Хурсандчилигимдан бироз карахт бўлиб қолдим. Ахир ўзим учун муқаддас бўлган оилам бағрига боришга йўл очилгани мен учун жуда катта қувончли хабар эди. Тўғриси, бу имкон учун Президентимиздан жуда миннатдор бўлдим. Айтиб ўтишим керакки, кўпинча турли ташвишлар билан турли кўчаларга кирамиз. Шу онда эса оқибат ҳақида доим ҳам ўйлаб кўрмаймиз. Аслида биз нафақат ўз ҳаётимиз, балки яқинларимиз, айниқса оиламиз олдида масъул эканимизни унутмаслигимиз керак экан. Бу ерда ўтган кунларимда бунга минглаб карра амин бўлдим. Бошқалар мен кабилар қилган хатоларни такрорламаслигини истардим.
Фармон имзоланиши билан тегишли ташкилотлар унинг ижросига ҳам киришди. Ўтган қисқа вақтда афв этилганларнинг барчаси жазони ижро этиш муассасаларидан чиқарилди. Улар бирин-кетин оиласи бағрига қайтмоқда.
Шу билан бирга фармон ижросини таъминлаш мақсадида афв этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви, уларни фойдали меҳнатга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишига кўмаклашиш юзасидан масъул вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликларга берилган топшириқларни бажаришга ҳам киришилди.