Афсонавий Клинт Иствуд – 90 ёшда
Замонавий кинематографияда ковбойларнинг энг машҳур тимсолига айланган инсон қутлуғ 90 ёшга кирибди.
Замонавий кинематографияда ковбойларнинг энг машҳур тимсолига айланган инсон қутлуғ 90 ёшга кирибди. Буни қарангки, Клинт Иствуд ҳали-ҳамон от эгарида ўзини қушдек енгил ҳис этаркан. Бу ҳақда “Euronews” хабар тарқатган.
Голливуд фахрийси ўзининг ҳаёт йўлини жуда эрта топди: ўтган асрнинг 50 йиллари бошида коллеждаги ўқишини ташлаб, актёрлик тўгарагига ёзилди. Тез орада эса кинодаги илк ролини қўлга киритди.
Италиялик режиссёр Сержио Леоне билан учрашув ёш Клинтнинг тақдирида туб бурилиш ясади: унинг учта лентасида суратга тушган йигит ўзининг экрандаги ҳақиқий образини – мард, чаққон, доимо бир ўзи рақибларини енгишга ҳозир қаҳрамонни кашф этди.
Иствуд - оммабоп актёрлар орасида ноёб хислатлари билан ажралиб туради. Масалан, у ёши бир жойга бориб қолганда ўзини режиссурада синаб кўрди ва худди ижрочилигида эришган ютуқлари билан таққосласа бўладиган даражадаги натижаларга эриша олди.
Унинг «Сирли дарё», «Миллион долларлик чақалоқ», «Захира» «Иводзимадан мактублар» сингари фильмлари замонавий кинонинг олтин фондидан жой эгаллаган.
Иствуднинг фильмографияси улкан, худди саноқсиз мукофотлари каби. Голливуд афсонаси тўрт марта «Оскар»га сазовор бўлган – 2 таси энг яхши режиссёрлик иши ва яна 2 таси энг яхши фильм учун.