Бўстонлиқ туманидаги “Афсона” ёзги болалар соғломлаштириш оромгоҳида Тошкент вилоятининг туман-шаҳарларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож 200 нафар фарзандлар учун “Аъло таътил” лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон болалар ташкилоти Тошкент вилояти бўлими, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур лойиҳа доирасида ёшлар учун бошқа тенгдошлари билан тажриба алмашиш, касб-ҳунарга йўналтириш, қизиқишларини ривожлантириш мақсадида турли маданий дастурлар, футбол фестивали ҳамда оромгоҳнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.



– Ёз мавсуми давомида 400 нафар ўқувчининг ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланган мазкур оромгоҳда болаларни китобхонлик, спорт, санъат билан шуғулланиши ва турли тўгаракларда қатнашишига алоҳида эътибор қаратилган, – дейди Ўзбекистон болалар ташкилоти Тошкент вилояти бўлими бошлиғи Ҳуснора Ҳасанова. – Биз ҳам уларга мотивация бериш ҳамда атрофимизга кўнгилли лидер ёшларни тўплашни мақсад қилганмиз. Ушбу тадбир кўтаринки руҳда, хотираларга бой тарзда ўтказилди. Бу айнан гулхан атрофидаги гурунглар ва концерт дастурида яққол намоён бўлди. Шунингдек, маданий дастурларда фаол иштирок этган ёшларга турли совғалар ва китоблар тўплами тақдим этилди.


Ушбу болалар соғломлаштириш оромгоҳи Тошкент вилоятининг тоғ олди, хушҳаво, сўлим ва хушманзара қисмида жойлашган бўлиб, болалар учун ажойиб дам олиш ва соғломлаштириш имкониятини беради.
А.Мусаев,ЎзА.