Самарқанд Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири. Унинг бир неча минг йиллик тарихи, маданияти ҳақидаги қимматли маълумотлар шаҳарнинг қадимий ўрни – Афросиёб тепаликларида олиб борилган археологик қазишма ишлари давомида аниқланган ва бу ердан минглаб тарихий ашёлар топилган.
Шу асосида 1970 йил 24 октябрда Самарқанд шаҳрида “Афросиёб” музейи фаолият бошлаган. Музей фондида, асосан, Афросиёб археологик шаҳарчасидан топилган 4000 дан ортиқ экспонат мавжуд ва айни пайтда 2500 га яқин экспонат музей экспозиция залларидан ўрин олган. Улар Самарқанднинг эрамиздан аввалги IХ-VIII асрлардан бошлаб эрамизнинг X-XIII асрларгача бўлган тарихини ўзида акс эттирган.
– Ташкил этилганига бу йил 55 йил тўлаётган музейда дастлаб Афросиёб тепалигида олиб борилган археологик қазишма ишлари билан боғлиқ маълумотлар ва суратлар, видеолавҳани кўришингиз мумкин, – дейди Самарқанд шаҳар тарихи “Афросиёб” музейи директори Самариддин Мустафоқулов. – Сўнгра Афросиёб шаҳарчасидаги 11 та маданий қатлам ва уларнинг ўзига хос белгилари ҳақидаги маълумот билан танишасиз. Экспозициялар шаҳар тарихи, ҳудудда яшаган халқларнинг маданияти, ижтимоий-сиёсий ҳаёти, турмуш тарзи ва диний эътиқодлари тўғрисида маълумот беради. Аҳамонийлар империяси, эллинизм даврига тегишли маълумотлар, Юнон-Бақтрия давлати ва унинг тангалари, сопол идишлар ва турли даврларга тегишли ғиштлар, яна кўплаб бошқа экспонатлар кўргазмага қўйилган. Умуман, музейимиздаги осори-атиқалар, маълумотлар Самарқанднинг уч минг йиллик тарихини ёритиб беради. Музей заллари, экспозицияларда буни батафсил ёритиш ва очиб беришга ҳаракат қилганмиз. Ҳар бир зал, экспозиция маълум бир даврни ёритади ва унга тегишли ашёлар, маълумотларни жамлаганмиз. Шу тарзда музей заллари бўйлаб юриб, Самарқанднинг ўтмиши билан яқиндан танишасиз.
[gallery-25682]
Музейлар тарихни, халқларнинг ўтмиш маданияти ва турмуш тарзини ўзида акс эттирса-да вақт ўтиши билан экспозицияларни давр талаби ва томошабинлар қизиқишларига мос тарзда қайта яратиш, эътибор тортадиган ҳолда намойиш этиш зарур. Биз ҳам ана шу мезонларни ҳисобга олган ҳолда бу борада Корея маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, музей моддий-техника базасини мустаҳкамладик, экспозиция залларини замонавий кўринишга келтирдик. Икки йил олдин бу жараённи амалга ошириб, биринчи қаватдаги залларни янгича кўринишга келтиргандик. Лекин бугун ушбу йўналишдаги ишларни яна давом эттириш, замонавий ахборот технологиялари ва мультимедиа воситаларидан кенг фойдаланишга эҳтиёж сезяпмиз. Бу борада халқаро ташкилотлар ва хорижлик ҳамкорларимиз билан лойиҳаларни ишлаб чиқяпмиз.
Афросиёб деворий суратлари музейнинг марказий ва энг ноёб экспозицияси ҳисобланади. 1965 йилда Афросиёб археологик шаҳарчасидаги қазишма ишлари давомида топилган, VII асрга оид мазкур ашё, таъбир жоиз бўлса, ноёб санъат асари эканлиги билан аҳамиятлидир.
– Шу пайтгача Марказий Осиёдаги бирор бир археологик ёдгорликда битта жойдан бунчалик катта ҳажмдаги ва жуда яхши сақланиб қолган деворий суратлар топилган эмас, – деди Самариддин Мустафоқулов. – Тўғри, Варахшада, Болаликтепа, Ғалчаён ёдгорликларида ва қўшни Тожикистоннинг Панжикент ҳудудидан деворий суратлар чиққан, лекин улар бунчалик мукаммал ва яхлит композиция кўринишида учрамайди. Суғд ҳукмдори Вархуманнинг 11х11 метр ҳажмдаги саройида ишланган рангли бу деворий суратлар эса илк ўрта аср санъатининг нодир намунаси ҳисобланади. Бу суратлар қадимги Суғд маданияти ва тарихи ҳақида жуда кўп маълумот беради.
Суратларда ҳукмдор Вархуманнинг элчиларни қабул қилиш маросими, тўй ёки диний маросимдаги тантанали юриш, қуруқлик ва сувдаги ов жараёни, Суғднинг Хитой билан алоқалари акс этган. Масалан, элчилар қабули маросими тасвирланган суратда 16 қатор суғд ёзуви сақланиб қолган. Суғдшунос олимлар томонидан бу ёзувлар ўқилганда унда ушбу маросим ва элчиларнинг мақсади баён этилган. Жумладан, “Унаш наслидан бўлмиш Вархуман элчига юзланганда у оғиз очиб “Мен Чағаниён ҳукмдори элчиси Пукартзода бўламан. Мен унинг тарафидан Самарқандга келдим ва ҳозир Самарқанд ҳукмдори ҳузуридаман. Самарқанд ҳукмдори мен ҳақимда шубҳаланмасин. Чунки мен Самарқанд маъбудларини яхши биламан, Самарқанд ёзувидан хабардорман. Ҳукмдорга самимият ва ҳурмат изҳор этаман. Вархуман бахтиёр бўлсин!” деган ёзув битилган.
Элчилар икки томонда тасвирланган. Бу уларнинг Ғарб ва Шарқдан келганини билдирган. Шарқдан келган элчилар қаторида қадимий Кўгурё (Корея қироллиги) ва Чин ўлкаси (Хитой) элчиларини кўриш мумкин. Самариддин Мустафоқуловнинг айтишича, айнан ана шу тасвирлар учун Корея ва Хитой давлатлари вакиллари ушбу деворий суратларни ўрганиш, сақлаш ва келгуси авлодларга етказишда “Афросиёб” музейи ходимлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Ҳатто кореяликлар кейинги йилларда мактаб дарслигига ушбу деворий суратлар ҳақида маълумотлар киритган.
Деворий суратлар ҳақида кенг ва батафсил маълумот бериш мақсадида Корея маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда 2013 йилда замонавий мультимедиа имкониятлари асосида ўндан ортиқ тилда видеолавҳа тайёрладик. Ҳозир музейга келадиган хорижлик ва маҳаллий сайёҳларнинг деяри барчаси ушбу лавҳани томоша қилиш ва кўпроқ маълумотга эга бўлишга ҳаракат қилади.
– Кейинги йилларда Самарқандга ташриф буюрган давлат раҳбарларининг кўпчилиги шаҳар бўйлаб саёҳат дастурлари доирасида “Афросиёб” музейида ҳам бўлиб, халқимизнинг бой тарихи ва маданияти билан яқиндан танишмоқда, – дейди С.Мустафоқулов. – Албатта, улар ҳам деворий суратларни ҳайрат билан томоша қилганига гувоҳмиз. Давлатимиз раҳбарининг Франция ва Буюк Британияга ташрифлари чоғида Афросиёб деворий суратларининг бир қисмини дунёга машҳур “Лувр” ва “Британия” музейларида намойиш этдик. Бу экспозицияни давлат раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари, аҳоли келиб томоша қилди. Шу кўргазмалардан кейин деворий суратнинг қолган қисмларини ҳам кўриш учун музейимизга Европа давлатларидан кўплаб сайёҳлар келди. Айни пайтда Япониянинг “Михо” музейи ҳамда Хитойдаги йирик музейлар ҳам Вархуман саройи деворий суратлари ва бошқа нодир ашёларимиз асосида ҳамкорликда экспозициялар ташкил этиш таклифи билан чиққан. Лекин биз бу ишлар билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Экспозицияларимизни намойиш этишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишни йўлга қўймоқчимиз. Бу жараён бугун дунёдаги барча музейларда кечмоқда. Шу йилнинг 18 май – Халқаро музейлар кунида Хитойнинг Сиан шаҳрида ўтказилган халқаро конференциянинг асосий мавзуси ҳам шу бўлди. Анжуманда бу борада хорижлик ҳамкасбларимиз билан фикр ва тажриба алмашдик, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдик. Айни пайтда музейимиздаги ҳар бир экспозиция бўйича электрон маълумотлар яратилиб, улар билан QR кодлар орқали танишиш имконияти яратилган. Эндиликда бу ишни янада такомиллаштириб, ҳар бир ашё ҳақида шу тарзда ва бошқа замонавий воситалар орқали маълумотлар тайёрлаб, улардан музейга келувчиларнинг эркин фойдаланишларига шароит яратамиз. Бундан ташқари, яна бошқа бир қатор лойиҳаларимиз ҳам бор ва томошабинлар бунга тез орада гувоҳ бўлишади.
Маълумотларга кўра, бу йил Самарқанддаги музейларга ташриф буюрган сайёҳлар сони илк бор 1 миллион нафардан ошган. Жумладан, “Афросиёб”га 50 минг нафардан ортиқ томошабин келган. Муҳими, бу рақам йилдан-йилга ошиб бормоқда ва Самарқанд тарихига қизиқувчилар кўпаймоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/O9C4VzPrjWs" title="“Afrosiyob” devoriy suratlari dunyoning mashhur muzeylarida namoyish etilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари