Афғонистонлик талаба аёлларнинг ўн нафар биринчи гуруҳи Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ва БМТ ТД томонидан амалга оширилаётган "Афғон аёлларининг иқтисодий имкониятларини Қозоғистон ва Ўзбекистонда таълим бериш ва кадрларни тайёрлаш орқали қўллаб-қувватлаш" Минтақавий лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда агрономия бўйича техник ва касб-ҳунар таълими ва ўқитиш (TVET) дастури тайёргарлик даврини якунламоқда.
Шу муносабат билан Тошкент давлат аграр университетида талабаларнинг Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати маълум қилди.
TVET дастури БМТ Тараққиёт Дастури томонидан Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Тошкент давлат аграр университети билан яқин ҳамкорликда амалга оширилади.

– Ўзбекистон қўшни Афғонистон заминида тинчликни қўллаб-қувватлайди ва эътиборини ушбу лойиҳадаги каби янги мобиль таълим дастурларини ишлаб чиқишга қаратади, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Юсуф Абсоатов.
50 нафар афғон аёллари 2025 йилгача Европа Иттифоқи томонидан афғон аёлларининг олий ва касб-ҳунар таълими йўлидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 2 миллион евро миқдоридаги гранти асосида Қозоғистон ва Ўзбекистонда турли хил университетларда олий, техник ва касб-ҳунар таълими олишади.
– Европа Иттифоқи Афғонистон халқини тинчлик, хавфсизлик ва фаровонлик йўлида қўллаб-қувватлашга содиқдир. Ушбу лойиҳа нафақат ўз вақтида, балки ноёбдир. У Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги трансчегаравий муносабатларни бундай таълим алмашиш дастурлари орқали қўллаб-қувватлайди ва ушбу қўшни мамлакатлар халқлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга ёрдам беради. Европа Иттифоқи Афғонистон билан турли соҳалар, жумладан, гендер тенглиги ва таълим соҳасида яқин ҳамкорлик қилиш орқали минтақада барқарорлик ва тинчликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини амалга оширишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашни давом эттиради, – деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлот Адриан.
Тадбирда иштирокчилар ва манфаатдор томонларга лойиҳанинг бориши, натижалари ва режалаштирилган фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берилди. Хусусан, олти ойлик интенсив ўзбек тили курси натижасида ҳозирги кунда барча афғон талабалари ўзларининг ўқитувчилари ва маҳаллий дўстлари билан ўзбек тилида мулоқот ва мунозара қилиши мумкин. Талабалар агрономия бўйича касб-ҳунарга йўналтирилган дастурини якунлади. Ушбу модул муҳим аҳамиятга эга, чунки талабалар ўзбек тилини асосий фанлардан анча мустаҳкамлади ва ҳақиқий иш шароитида фермерлар билан ишлашга тайёрланди.
– Яхши малакага эга бўлган аёллар юқори мартабали хусусий ёки давлат секторида иш топишлари кутилмоқда. Ушбу имтиёзлар аёлларнинг иқтисодий ва ижтимоий мавқеини оширишни, шунингдек, аёлларнинг соҳани ривожлантириш ва гендер тенглигини таъминлашга қўшган ноёб ҳиссаларининг муҳим моделларини ўз ичига олади, – деди БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска.
“БМТ-Аёллари” тузилмаси билан биргаликда афғонистонлик талабалар учун Гендер тенглиги ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича қишки ва ёзги мактаб дастурлари ташкил этилди. Тренингда аёлларга бизнес ғояларни яратиш ва уларни ривожлантириш, шахсий ривожланиш, тадбиркорлик тўғрисида тушунчалар, бошланғич ташкилотлар, бизнес концепциялари, изланишлар ва бошқа рағбатлантирувчи имкониятлар бўйича ресурслар ва кўникмалар берилди.
Афғонистонлик талабалар академик машғулотлардан ташқари, бўш вақт ўтказиш, спорт ва маданий алмашинув учун кенг имкониятларга эга. Ўзбек-Афғон агроном аёллари клуби аъзоларининг саъй-ҳаракатлари билан агро-бизнес таълими ва электрон тижорат соҳасида янги стартап концепцияси ишлаб чиқилмоқда. 2021 йил сентябрдан бошлаб афғон аёлларининг биринчи гуруҳи агрономия бўйича касб-ҳунар таълими дастурида таълим олади, 2023 йил июль ойида аёллар TVET дипломлари билан тақдирланади.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА тайёрлади.