Афғонистонда ҳарбий парад бўлиб ўтди
Афғонистондаги муваққат ҳукумат АҚШ қўшинлари мамлакатдан чиқиб кетганининг бир йиллиги муносабати билан Бағром авиация базасида ҳарбий парад ўтказди. Бу ҳақда “Ariana News” нашри хабар берди.
Маданият ва ахборот вазири ўринбосари Забиҳуллоҳ Мужоҳид “Бугун Америка кучлари қувиб чиқарилган кун (роса бир йил аввал улар чиқиб кетган), мамлакат Қўшма Штатлар босқинидан озод бўлгани билан фахрланади”, дея таъкидлади.
Телеканал эфирга узатган тасвирда қуролли кучларнинг турли қисмлари, жумладан, махсус бўлинма хизматчилари Бағром базаси аэропортида тўлиқ саф тортиб туришибди. Майдонда Афғонистон Ислом Амирлиги байроқлари осилган. Толибон ҳарбий-ҳаво кучлари вертолёти ҳудуд узра байроқни очиб учиб ўтган.
Мудофаа вазирлиги штаб бошлиғи Фасиҳиддин Фитрат “бундан кейин мамлакатга ҳеч қачон ҳеч қандай босқинчи кирмаслигини” қайд этди.