Украинадаги уруш фонида Афғонистондаги вазият маълум бир вақт давомида халқаро сиёсат эътиборидан четда қолди. Аммо бунинг натижасида можаро ўз кескинлиги ва глобал миқёсдаги жиддийлигини асло йўқотгани йўқ.
Бугунги Афғонистон ўз тарихидаги энг оғир ва мураккаб даврни бошидан ўтказмоқда. “Толибон” кучлари Кобул ҳокимиятини эгаллаганига қарийб бир йил бўлганига қарамай, ушбу давлатдаги вазият кутилган даражада барқарор эмас. Айнан ҳозирда афғонлар ўз тақдирини ўзи белгилаш учун имкониятлар очилишига ҳамда халқаро иқтисодий-ижтимоий кўмакларга сезиларли даражада муҳтож. Шундай шароитда “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш” мавзусидаги халқаро конференция ўтказиш ташаббуси бўлажак Афғонистон тинчлиги учун қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш йўлида аниқ амалий қадам бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистоннинг мазкур халқаро дипломатияси қуйидаги омиллар билан алоҳида аҳамиятлидир:
Биринчидан, конференциянинг нуфузи унинг халқаро эканлигидадир. Хусусан, “Толибон” Муваққат ҳукумати тузилганидан кейин ўтказилган барча мулоқот форматлари диққат билан кузатилса, уларнинг даражаси минтақавий характерда эканлигини англаш мумкин. Тошкент конференцияси эса амалдаги Афғонистон ҳукуматига нисбатан турлича қарашларни уйғунлаштириш ва кенг халқаро консенсусга эришиш имкониятларини очиб берадиган илк халқаро платформа ҳисобланади. Ўзбекистоннинг мазкур ташаббуси бошқа минтақавий акторлар томонидан ўтказилаётган мулоқотлардан айнан БМТ шафелиги остида ташкил этилаётгани билан ҳам алоҳида ажралиб туради. БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг ташаббусни қўллаб-қувватлаши ҳамда конференцияда БМТдан юқори даражадаги вакиллар иштирок этиши шундан далолат беради.
Иккинчидан, конференция “Толибон” делегацияси (юқори даражада ва катта миқдорда) ташриф буюрган ҳамда айнан Афғонистон масаласига бағишланган илк халқаро анжуман ҳисобланади. Бу “Толибон”га ўз ҳукуматининг халқаро легитимлигини асослаш учун минбар, жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олиниши йўлида мулоқот майдони бўлиш имкониятини тақдим этади. Шунингдек, анжуманнинг халқаро миқёсда қўйилган асосий талабларни бажариш жараёни тезлашиши учун амалдаги Муваққат ҳукуматга туртки бўлиш эҳтимоллари мавжуд.
Учинчидан, конференциянинг бош ғоясида Афғонистонга Марказий ва Жанубий Осиёга хавф ёки таҳдид соладиган давлат сифатида эмас, балки минтақаларни ўзаро боғлайдиган кўприк сифатида қараш ёндашуви устувор ўрин эгаллайди. Хусусан, БМТга аъзо барча давлатлар Ўзбекистон томонидан 40 та мамлакат ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқилган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюцияни бир овоздан маъқуллаши Ўзбекистон дипломатиясининг халқаро эътирофи натижасидир. Бу эса икки минтақани Афғонистон орқали боғлаш стратегиясини амалиётга тадбиқ этишда кенг имкониятлар эшигини очади.
Умуман, халқаро анжуман ташаббуси воситасида Тошкент жаҳон сиёсатининг эътиборини қайта Афғонистонга қаратмоқда. Ўз навбатида, ушбу давлатдаги хавфсизлик, ижтимоий-иқтисодий ҳолатга кўмак бериш бўйича халқаро мувофиқлаштирилган ёндашувлар ва тамойиллар ишлаб чиқишга даъват этмоқда. Шу жиҳатдан, бўлғуси Афғонистон нафақат Марказий ва Жанубий Осиё, балки жаҳон ҳамжамиятининг тинч ва барқарор аъзосига айланиши учун айнан ҳозир глобал даражада келишилган дастур ишлаб чиқилиши лозим. Акс ҳолда, Афғонистон таназзули бепоён Евросиёнинг барқарорлигига, охир-оқибатда дунё саҳнига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Суҳроб БЎРОНОВ
Тошкент давлат шарқшунослик университети ўқитувчиси,
cиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)