Афғонистон Президенти Девони раиси билан учрашув тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Девони раиси Муҳаммад Шокир Коргар билан учрашди.
Суҳбат чоғида кўп қиррали Ўзбекистон - Афғонистон муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.
Томонлар давлатлараро ҳамкорликнинг амалдаги юқори даражасини мамнуният билан қайд этди ва ўзаро манфаатли барча йўналишлардаги яқин алоқаларни янада чуқурлаштиришда қатъий эканликларини таъкидлади.
Афғонистон томони Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш бўйича Ташкилот ҳузурида доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш борасида илгари сурган ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Ушбу қўшни давлатда мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича Ўзбекистоннинг фаол саъй-ҳаракати учун миннатдорлик изҳор этилди.
Афғонистон иқтисодиётини тиклаш, мамлакатни минтақавий иқтисодий жараёнга жалб қилиш масалаларига муҳим эътибор қаратилди.
Ўзбекистон иштирокида транспорт, логистика, энергетика, савдо ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муҳим ҳисса қўшиши таъкидланди.
Музокара давомида икки томон кун тартибининг бошқа масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.